Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳов август ойи бошида ободонлаштирилмаган деб топилган уйлар ва маҳаллаларга «Уятли хонадон» ва «Шармандали маҳалла» плакатини илиш кўрсатмасини бериши орқали тилга тушганди. Унинг «Долзарб 40 кунлик» доирасидаги топшириғи акс этган видео 27 июл куни ҳокимлик каналига жойланган, бир неча кун ўтиб ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айлангач, ўчириб юборилганди.

Ушбу ҳоким ҳолат юзасидан Daryo’га изоҳ берди. У маҳаллаларни «Шармандали маҳалла» ва уйларни «Уятли хонадон» тоифасига бўлиш бўйича ҳеч кимдан топшириқ олмаганини айтган.

«Бу – ўзимнинг ташаббусим. Йиғилиш охирида агар айтилган вазифаларни бажармасаларинг, шунақа қилинади, деб айтганман. Лекин бу ҳеч қаерда жорий қилинмади. „Шармандали маҳалла“ деган баннер ёпиштирилиб, яна ўша заҳоти кўчириб олиб кетилган. Фақат ижтимоий тармоққа чиқариш учун видеога олинган. Лекин бирорта хонадонга, бирорта маҳаллага осмаганман. Шунақа бўлади деган мақсадда илиб, кўрсатиб, яна қайтариб олиб қўйганмиз», – деган ҳоким.

У ушбу ташаббусдан мақсад «Долзарб 40 кунлик»да шу йўл билан «халқни уйғотиб, ободонлаштиришга чорлаш» бўлганини таъкидлаган.

«Мен туман ҳокими сифатида ўз туманимни, ўз хонадонимни бундай тарзда олиб чиқишим ўзимга ҳам сал нотўғри бўлади. Менинг мақсадим «маҳалла еттилиги»ни шарманда қилиш эмас. Уларни қўллаб-қувватлаш, кўтариш, бошини бирлаштириш. Ҳамма ҳар хил талқин қиляпти буни. Лекин ўша талқин қилаётганлар бир кун келиб ҳоким бўлиб, халқ билан ишласа, вазиятни тушунади. Биз кимнингдир уйига тазйиқ билан кириб эмас, тушунтириб тарғибот қилдик. Буни ташвиқотнинг битта кўриниши деб қабул қилишса, менимча, тўғри талқин бўлади. Балки сал қўполроқ бўлиб кетган бўлиши мумкин, буни тан оламан», – дейди Салиҳов.

Туман ҳокими ҳамма ҳам хато қилишини таъкидлаб, айби бўлса, узр сўрашини айтди.

«Балки қайсидир жойда сал қўполлашиб кетгандирман. Беайб парвардигор. Айбимиз бўлса, узримизни сўраймиз. Тўғри йўлда бўлсак, тўғримиз, деб ишимизни давом эттирамиз», – деган ҳоким.

Катта эҳтимол билан, Салиҳов ўз изоҳида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов билан боғлиқ воқеага ишора қилган. Ҳасанов ҳам «Долзарб 40 кунлик» доирасида тарқалган видеоси билан танилганди, у ўшанда маҳаллаларга рейд уюштириб, уйлардан бирига кириб борган ва уй эгасига ўз уйига яхши қарамагани учун қаттиқ танбеҳ берган, жарима қўллаш билан таҳдид қилганди.