Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз туманида ободонлаштириш талабларига жавоб бермайдиган ҳудудлар «шармандали маҳалла» ва «уятли хонадон» деб белгиланиши маълум қилинган видео тарқалди (Ҳокимлик ахборот хизмати ушбу видеони 27 июл куни эълон қилган, бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчи эътиборига тушгач, видео ўчириб юборилган.).

Туман ҳокими Шерзод Салиҳов маҳалла раислари билан ўтказган йиғилишда олдинроқ вилоят ҳокими томонидан шу масалада йиғилиш ўтказилганини ва тегишли топшириқлар берилганини айтади.

У Бирлик маҳалласини кўздан кечириш натижаларига кўра маҳалла биноси ҳовлисига «битта райҳон ҳам, битта гул ҳам, битта кўчат ҳам экилмагани», «ўтлар бел баробар бўлиб кетгани, ўрилган ўтлар ҳам хашак бўлиб бўлиб ётгани»ни таъкидлайди.

«Шармандали маҳалла деб айтса бўладими, бўлмайдими? Шиор бор „Шармандали маҳалла“ деган. Дилмурод, бугун келасан, қани? Менга бер (қўлига „Шармандали маҳалла“ деб ёзилган қоғозни олади). Ҳозир иласан, бор. „Шармандали маҳалла“ қилиб кўринадиган жойга, халқ кўрадиган жойга ил. Шармандали маҳалла бу – Бирлик маҳалласи», – дея эълон қилади ҳоким.

У шунингдек айрим хонадонларга «Уятли хонадон» ёзуви осилиши мумкинлигини ҳам айтган.

«Иккинчи шиор бор – «Уятли хонадон». Буни мен бекорга айтмаяпман. Мана, бириктирилган 40 та вакил, корхона-ташкилот раҳбари бекорчиликдан бормаяпсизлар у ерга. Ё ўйнагани бормаяпсизлар.

Вилоят ҳокимимиз тўғри айтдилар: эрталаб соат 6:00 да турса, бўлди, маҳалла обод бўлиб қолади ёки обод кўча бўлиб қолади дегани эмас бу», – деган ҳоким.

У тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат 40 нафар масъулга маҳалла раислари билан бирга хонадонларни айланиб чиқиш бўйича топшириқ беради. Бу гуруҳ дастлаб корхона ва ташкилотларнинг идорасини текширади, шундан кейин маҳалла раисининг уйига боради.

Таъкидланишича, улар хонадонлар дарвозаларининг бўялган-бўялмагани, деворларнинг оқлангани, кўчага кўчат ёки райҳон экилгани, ҳовли ва томорқаларнинг ҳолатини ўрганиб, уларни суратга олади ва ҳисоботини ҳокимга юборади.

Ўзи кўчасида гул борми, йўқми? Гул эмас, райҳон. Атиргул борми? Ҳовлиси, томорқаси қанақа? Шу тўртта нарсани сенга тўртта расм қилиб ташлайди ҳаммаси. Маҳалла раисининг уйига кириб. Тушундингми? Бир кун муддат берамиз, йиғиб оласан, менга ташлайсан. Мен эрталаб гаплашаман. Эртага кечгача қилмаса, ўша хонадонни уятли хонадон қилиб, мен ўзим бориб остираман», – дейди Салиҳов.

Бундан олдинроқ Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов уйма-уй юриб, тозалик ҳолатини текширгани, хонадонлардан биридаги ҳолатни танқид қилиб, уй эгаси бўлган аёлни ёш фарзанди олдида мулзам қилгани акс этган видео кенг тарқалган ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.