2026 йил 14 августда қабул қилинган ЎРҚ–1165-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар назарда тутилган.
Шунингдек, маъмурий судлар ишларни кўриб чиқиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқласа, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам кўриб чиқиши белгиланди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи ҳам киритилди.
Яна бир муҳим янгилик — маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.
Унга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ва шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади.
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказиши керак.
Дастлабки эшитув вақтида судья аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштиради, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради.
Бундан ташқари, аризачига зарур далилларни, жавобгарга эса ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади. Судья аризадаги талаблар ва иш бўйича мавжуд далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо ҳам беради.
Дастлабки эшитув якунлари бўйича аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.










