Президент томонидан 2026 йил 14 августда имзоланган ЎРҚ–1165-сон қонун билан судлар фаолиятига оид айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунга мувофиқ, маъмурий судлар ишларни муҳокама қилиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатларини аниқласа, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180- ва 181-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиши мумкин.
Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга «ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси» принципи киритилди. Унга кўра, манфаатдор шахснинг маъмурий орган қарорига нисбатан қонун билан қўриқланадиган ишончи ҳимоя қилинади.
Қонун билан маъмурий судларда дастлабки эшитув институти ҳам жорий этилди. Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлашда дастлабки эшитув ўтказилади.
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан бошлаб 20 кундан кечиктирмай ўтказиши керак.
Дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, зарур далилларни тақдим этиш бўйича тушунтириш берилиб, талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо берилади.
Дастлабки эшитув натижасида суд аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки ишни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.










