Ўзбекистоннинг 15 август куни Россиянинг Омск шаҳридаги қурилиш майдонида юз берган ёнғин оқибатида жабрланган икки фуқаросининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.
«Дунё» ахборот агентилиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Омскдаги 1-сонли тез тиббий ёрдам шифохонасига бориб, ватандошлар ҳолидан хабар олган.
Навбатчи шифокорнинг маълумотига кўра, фуқаро И.З. куйиш жароҳатлари реанимация бўлимига ўтказилган, аҳволи оғир ва сунъий нафас олдириш аппаратига (ИВЛ) уланган. Иккинчи фуқаро О.Э. ҳозирда йирингли-септик бўлими реанимациясида қолмоқда, унинг ҳам аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳозирда россиялик шифокорлар москвалик ҳамкасблари билан видеоконференция алоқаси орқали консилиум ўтказмоқда ва Россия томони жароҳатланганларни соғломлаштириш жараёнига алоҳида эътибор қаратмоқда, дейилади хабарда.
17 август куни бош консул шифохона бош шифокори, куйиш ва йирингли-септик бўлимлари мудирлари ҳамда тиббиёт хизмати раҳбари билан учрашув ўтказган. Масала бош консулхонанинг алоҳида назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 15 август куни «Квартали Драверта» турар жой мажмуаси ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин пайвандлаш ишлари вақтида қурилиш материаллари аланга олишидан чиққан.
Воқеа жойида бўлган 11 нафар ишчи шифохонага ётқизилган, улардан уч нафарига тиббий кўрикдан кейин жавоб берилган, 8 нафари жонлантириш бўлимига ётқизилган. Маҳаллий нашрларга кўра, ушбу беморларда 20 фоиздан 90 фоизгача куйиш ҳолатлари қайд этилган.
Россия Тергов қўмитасининг ҳудудий бошқармаси дастлаб жабрланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида хабар тарқатганди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев улардан фақат 2 нафари Ўзбекистон фуқароси эканини маълум қилди.
Ўз навбатида, «Омск информ» нашри ёнғин оқибатида бир киши вафот этгани ҳақида хабар берган.









