Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лев Шлосбергга нисбатан “фейклар” иши бўйича янги жиноят иши қўзғатилди
Лев Шлосбергга Россия Қуролли кучлари ҳақидаги “фейклар” (ёлғон хабарлар) бўйича учинчи жиноят иши қўзғатилди. “Чет эл агенти” сифатидаги мажбуриятларни бажармаслик моддаси бўйича у мажбурий ишларга маҳкум этилган, “армияни обрўсизлантириш” иши бўйича эса уй қамоғида қолмоқда.
Фото: AP
“Яблоко” партияси раисининг ўринбосари Лев Шлосбергнинг уй қамоғи муддати тугашига бир неча кун қолганида, унга нисбатан янги, учинчи жиноят иши қўзғатилди — бу сафар Россия Қуролли кучлари ҳақидаги “фейклар” тўғрисидаги модда бўйича. Бу ҳақда жума куни, 5 декабр куни, партия матбуот хизмати хабар берди.
Янги иш қўзғатилишига сабаб сифатида сиёсатчининг 2022 йил феврал ойида телеграм-каналда қилган репости кўрсатилган. Матбуот хизмати қайси аниқ репост ҳақида гап бораётганини очиқламади.
“Яблоко” маълумотларига кўра, иш 3 декабр куни Россия ИИВнинг Псков вилояти бўйича бошқармаси терговчиси Дмитрий Василев томонидан қўзғатилган, эртаси куни эса у июндан бери “армияни такроран обрўсизлантириш” иши бўйича уй қамоғида бўлиб турган Лев Шлосбергга айб эълон қилган. Партия таъкидлашича, 8 декабр куни мухолифатчининг “армияни обрўсизлантириш” иши бўйича уй қамоғида ушлаб туришнинг қонунан йўл қўйиладиган олти ойлик муддати тугайди, бу муддатни узайтириш қонун билан назарда тутилмаган.
Эҳтиёт чорасини танлаш бўйича суд мажлиси 5 декабр куни Псков шаҳар судида бўлиб ўтади. Лев Шлосберг ўз айбини тан олмаяпти.
5 ноябр куни Псков суди Лев Шлосбергни “чет эл агенти” сифатида ўз мажбуриятларини бажармасликда айбдор деб топиб, уни 420 соат мажбурий жамоат ишлари жазосига ҳукм қилган эди.
Унга нисбатан “армияни такроран обрўсизлантириш” ишини қўзғатишга “Живой гвоздь” каналида эфирга узатилган, тарихчи Юрий Пивоваров билан дебатлар видеоси сабаб бўлган. Ушбу дебатда Шлосберг Россиянинг Украинага қарши урушида дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирган. Бу иш бўйича мухолифатчига беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси хавф солмоқда.
Лев Шлосберг — Россияда қолиб, урушга очиқ қарши чиқишда давом этаётган кам сонли таниқли рус сиёсатчиларидан бири.
Мавзуга оид
15:44
АҚШ ЕИ давлатларини Киевга Россия активлари ҳисобидан кредит бермасликка чақирди
09:21
Кушнер – тинчлик бўйича музокарачи: Украинани нима кутмоқда?
07:20
Россия–Қозоғистон, Аргентина–Чили: дунёдаги энг узун чегаралар рўйхати
22:02 / 05.12.2025