Falcon 9 ракетасининг юқори қисми Ой юзаси билан 2026 йил 5 августда тўқнашган. У ўтган йилнинг январь ойида учирилган бўлиб, Ойга экспериментал ускуналар ва кичик аппарат ўрнатилган иккита қўниш модулини етказган эди. Ракетанинг юқори қисми орбитада қолган, бироқ эртами-кечми Ой юзасига урилиши муқаррар эди. Аммо унинг ҳозирги қулаши режалаштирилмаган эди.
Ушбу зарба оқибатида Ой юзасида кратер пайдо бўлди. Уни ҳалокатдан бир ҳафта ўтгач суратга олишга муваффақ бўлишди: суратлар 11 ва 12 август кунлари олинган. Муаммо шунда эдики, суратларни олган Lunar Reconnaissance Orbiter космик аппарати ўз орбитаси бўйлаб ҳаракатланади ва олимлар ҳисоблаб чиққан бўлакларнинг тушиш нуқтасига тўғри келишини кутиши керак эди.
Кратерга биринчи бўлиб Жанубий Кореянинг Danuri номли Ой орбитал аппарати етиб борди. Бироқ унинг суратлари NASA суратлари каби тиниқ эмасди.
Янги кратернинг диаметри 18 метрдан бироз каттароқ, чуқурлиги эса тахминан уч метрни ташкил этади. Кратердан таралаётган очроқ чизиқлар — бу чуқурроқ қатламлардан отилиб чиққан янги тошлар ва тупроқдир.
NBC News таъкидлашича, Falcon 9 ракетасининг қулаши ракета қисмларининг Ой юзаси билан тасодифан тўқнашувига оид иккинчи маълум ҳодисадир. Бундан аввал, 2022 йилда Хитой ракетасининг юқори қисми деб тахмин қилинган парча Ойнинг тескари томонига урилган эди. Хитой ушбу ҳодисага алоқадорлигини инкор этмоқда.
Ракетанинг қулаши назоратсиз бўлган ва ОАВ эътироф этишича, бу коинотдаги хавфсизлик масаласини кун тартибига қўяди. Бундай космик чиқиндилар Ой ва бошқа миссиялар учун жиддий хавф туғдириши мумкин.









