Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларида дизайн-кодни жорий этиш жараёнида тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр ва эътирозлар инобатга олинганини маълум қилди.
Хусусан, шаҳар кўчалари қиёфасидаги ўзгаришларни ёритиш ва бизнес вакилларига дизайн-код талабларини тушунтириш бўйича аввалги ёндашув қайта кўриб чиқилган. Бунда тадбиркорлар манфаатлари устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 майидан 26 июлига қадар дизайн-кодни жорий этиш ишлари Тошкентнинг 56 та кўчасидаги 3 228 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган.
Жараён бевосита таъсир кўрсатган тадбиркорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда сўров ўтказган.
Сўров натижалари айрим ҳолларда тадбиркорларга дизайн-код талаблари, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажарилиши лозим бўлган ишлар кетма-кетлиги ўз вақтида ҳамда етарлича тушунарли тарзда етказилмаганини кўрсатган.
Ҳокимлик мазкур эътирозларни ўринли деб топган ва улар кейинги ишларни ташкил этишда инобатга олинишини билдирган.
509 та фасад янгиланди
Ҳозирга қадар 509 нафар тадбиркор ўз биноси фасадини янгилаган, яна 2 627 нафар тадбиркор эса бу йўналишдаги ишларни якунламоқда.
Қолган масалалар туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида ҳар бир тадбиркор билан индивидуал тартибда кўриб чиқилиши белгиланган.
Шунингдек, дизайн-код талабларини амалиётга тўғри татбиқ этиш мақсадида реклама соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш чоралари ҳам кўрилган.
«Тошкент Инвест Компанияси» АЖ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти экспертлари иштирокида 18 та реклама-ишлаб чиқариш компанияси мутахассислари учун малака ошириш ишлари ташкил этилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, дизайн-коддан кўзланган мақсад фақат бинолар фасадини ягона талабларга мослаштириш эмас. Жараён тадбиркорлар учун тушунарли ва адолатли бўлиши ҳамда бизнесга асоссиз қийинчиликлар келтириб чиқармасдан пойтахт қиёфасини яхшилашга хизмат қилиши керак.
Хатолар тан олиндими? Пешлавҳа машмашаси бўйича томонлар мулоқоти









