Қозоғистонда 23 август куни бўлиб ўтган бир палатали парламент – Қурултойга илк сайловда ҳукмрон «Адолат» («Әділет») партияси 71,17 фоиз овоз тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Овоз бериш натижалари Марказий сайлов комиссиясида (МСК) эълон қилинди.
МСК раиси Нурлан Абдировнинг маълум қилишича, овоз беришда 9,3 миллион фуқаро иштирок этган, сайловчилар давомати 74,08 фоизни ташкил қилган.
«Сайловдаги овоз бериш якунларига кўра, депутатлик мандатларини тақсимлашда қуйидаги бешта сиёсий партиянинг иштирок этишига рухсат берилди: «Адолат» партияси, Умуммиллий социал-демократик партия, «Ауул» партияси, Қозоғистоннинг «Ақ жўл» демократик партияси ва Республиcа партияси. Қозоғистоннинг «Байтақ» партияси ва Қозоғистон Халқ партияси 5 фоизлик чегарадан ўта олмагани учун мандатларни тақсимлашда иштирок этмайди. Шундай қилиб, овоз бериш натижаларига кўра, депутатлик мандатлари сиёсий партиялар ўртасида қуйидагича тақсимланади: «Адолат» партияси – 110 та мандат, Умуммиллий социал-демократик партия – 8 та, «Ауул» партияси – 10 та, Қозоғистоннинг «Ақ жўл» демократик партияси – 8 та, Республиcа партияси – 9 та», – деди Нурлан Абдиров.
МСК маълумотларига кўра, «Адолат» партияси 71,17% сайловчи овозини, Умуммиллий социал-демократик партия – 5,11%, Қозоғистоннинг «Байтақ» яшиллар партияси – 1,07%, Қозоғистон Халқ партияси – 3,11%, «Ауул» партияси – 6,26%, Қозоғистоннинг «Ақ жўл» демократик партияси – 5,21%, «Республика» партияси – 5,56% овоз олган.







