2026 йил 27 мартда қабул қилинган “Исломий банк фаолияти тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш доирасида Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказган 10 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Янгиланган ҳужжатлар орқали банклар ва банклар гуруҳларида таваккалчиликларни бошқариш тизими, тижорат банкларининг кўчмас мулк, бошқа мол-мулк ҳамда юридик шахслар устав капиталидаги улушларни сотиб олишига оид талаблар такомиллаштирилди.
Шунингдек, бир қарз олувчи ёки ўзаро боғлиқ қарз олувчилар гуруҳи, жумладан банк билан алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдорини белгилаш, тижорат банкларида корпоратив бошқарувни ташкил этиш ҳамда банкларнинг Омонатларни кафолатлаш жамғармасига бадаллар тўлаши тартибига ҳам ўзгартишлар киритилди.
Адлия вазирлиги қайд этишича, мазкур ҳуқуқий янгиликлар исломий банклар фаолиятини тартибга солишнинг замонавий ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, соҳада барқарорликни таъминлаш ва исломий молиявий хизматларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга хизмат қилади.











