Си, Путин ва Трамп учрашиши мумкин
Чин раиси Си Жинпин, Россия президенти Путин ва АҚШ президенти Трамп Украинадаги уруш масаласида учтомонлама учрашув ўтказиши мумкин экан. Бундай таклиф Трамп билан телефон суҳбати чоғида Путиндан чиққан. Трамп Си рози бўлса, у ҳам қарши эмаслигини айтган. Америка нашрларига кўра, Пекин ҳам рози. Учрашиш учун баҳона ҳам бор. Ноябрда Хитойда Осиё тинч океани иқтисодий саммити ўтказилади.
Трамп учрашувда «жон деб ядро қуролини муҳокама қилган бўлишини» айтди. Гўёки «шунча катта одамлар биттаина Украина учун йиғилиб ўтирмаймиз» дегандек. Лекин асосий масала айнан Трампга «йўқ» дейишга ҳадди сиққан Украинадаги уруш эканига шубҳа йўқ.
Бразилия ва Исроилда сайлов
Ҳафта бошида Бразилия ва Исроилда муҳим сайловлар ўтказилади. Бразилияда 215 миллион, Исроилда 10 миллион одам яшаса ҳам, дунё учун айнан бир бурда Исроилда бўладиган сайлов муҳимроқ. Чунки Бразилия нариги ярим шарда, у ерда давлатлар тарқоқ жойлашган, қўшнилар ўртасида тарихий даъволар дунё тақидирига алоқадор муаммо келтириб чиқармаган.
Исроил эса дунёнинг қоқ марказида жойлашиб олган. Нетаняҳу охирги марта ҳукуматга келгач, Яқин Шарқ катта уруш ичида қолиб кетди. Шу сабаб мусулмон ва араб оламида, Яқин Шарқнинг аксар давлатларида Нетаняҳу сайловда ютқазиб, кетишини хоҳлашмоқда. Биби эса бундан ўзининг сиёсий пиари учун фойдаланиб, «Қаранг, ҳамма душманларимиз менга қарши, улар бизни йўқ қилмоқчи, мени сайланг, бўлмаса, Фаластин давлати тузиб олишади», деб исроилликларни қўрқитяпти.
27 октябр куни Исроилда парламент сайловлари ўтказилади. Нетаняҳу ва уни қўлловчи блок барибир кичик фаворит, лекин исроилликлар ҳам урушдан силласи қуриганини сезиш қийин эмас. Амалдаги бош вазир жамоаси охирги йилларда ниҳоятда кучли уруш пропагандаси олиб борди. Шундай таъсирдан кейин ҳам мухолифат бирлашиб, Нетаняҳуни кетказса, бу ҳайратланарли натижа бўлади.
Бразилияда эса вазият жуда қизиқарли, худди мамлакат футбол миллий жамоасининг ўйинлари каби. 80 ёшли Лула да Силва аввалги президенти Жаир Болсонаронинг катта ўғли Флавио билан курашади. Эсингизда бўлса, Лула ўтган сайловда катта Болсонарони енгган, кейин сайловда ютқазган собиқ президент қамалганди. Ҳозир унинг қамоқда экани ўғли учун сиёсий пиар бўлиб хизмат қилмоқда. Лула ва кичик Болсонаро бир неча кундан буён жонли эфирдаги дебатларда ҳукумат учун курашяпти.
Айтганча, Бразилия ва Исроилдаги сайлов кампанияларининг ўхшашлик жиҳати ҳам бор. Икки кампанияда ҳам рақиблар одамларга нима бера олиши ҳақида маъруза сўзлаш билан эмас, «рақибига лой чаплаш билан» банд. Ҳукуматга келиб олай, қолгани бир гап бўлар деган мақсад.















