Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Россия Фанлар академияси Сибир бўлимининг Археология ва этнография институти мутахассисларидан иборат қўшма экспедиция Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Аркутсой палеолит ёдгорлигида археологик тадқиқотлар олиб бормоқда.
Ёдгорликни мақсадли археологик ўрганиш 2024 йилда бошланган. Ўзбекистон ва Россия илмий муассасалари ҳамкорлигидаги дала тадқиқотлари уч йилдан буён давом этмоқда. Айни пайтда археологик қазишма ва кузатув ишлари ёдгорликнинг учта алоҳида майдонида олиб бориляпти.
Тадқиқотлардан асосий мақсад геологик қатламлардан топилаётган тош буюмларнинг стратиграфик ўрни, ёши ва археологик контекстини аниқлаш, шунингдек, қадимги инсонлар ушбу ҳудудни қайси босқичларда ўзлаштирганини тиклашдан иборат.
Аввалги геологик тадқиқотларда кесманинг тахминан 20 ва 40 метр чуқурликдаги қатламларидан айрим тош артефактлар топилган. Бироқ уларнинг аниқ стратиграфик ҳолати ва археологик контексти етарлича ҳужжатлаштирилмагани сабабли топилмаларни муайян даврга ишончли боғлаш имкони бўлмаган.
Янги археологик тадқиқотлар эса Аркутсой геологик кесмасининг турли сатҳларида тош артефактлар мавжудлигини тасдиқлади. Хусусан, биринчи, иккинчи ва учинчи қадимги қазилма тупроқ қатламларидан инсон томонидан ишлов берилган тош буюмлар аниқланган.
Олимларнинг қайд этишича, артефактларнинг турли даврларга мансуб қатламларда учраши қадимги инсон жамоалари Аркутсой ҳудудини бир марта эмас, балки бир неча босқичда ўзлаштирганини кўрсатади.
Айниқса, учинчи қадимги қазилма тупроқ қатламидан топилган тош артефактлар муҳим илмий аҳамиятга эга. Дастлабки геологик ва палеоиқлимий таққослашларга кўра, мазкур қатлам тахминан 320–280 минг йил аввал шаклланган.
Агар бу саналар мустақил лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланса, топилмалар Тошкент воҳаси ва умуман Ўзбекистон ҳудуди қадимги инсон жамоалари томонидан илк палеолитнинг сўнгги босқичларидаёқ ўзлаштирилганини кўрсатиши мумкин.
Янги топилмалар қадимги инсонларнинг Марказий Осиё бўйлаб тарқалиш йўлларини аниқлаш, уларнинг ўзгарувчан табиий ва иқлим шароитларига қандай мослашганини ўрганиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Фанлар академиясига кўра, ҳозирги тадқиқот натижалари Аркутсойни Ўзбекистондаги энг қадимги палеолит ёдгорликларидан бири сифатида баҳолаш учун жиддий илмий асос яратмоқда.



