Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатда ўтган давр мобайнида қайд этилган асосий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни рақамларда тақдим этди.
Маълумотларга кўра, 1991 йилда Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 20,6 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2026 йил 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич 38,2 миллион кишига етган. Шу тариқа, 35 йилда мамлакат аҳолиси 17,6 миллион кишига ёки қарийб 85 фоизга кўпайган.
Иқтисодиёт ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган. 1994 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилда 147,1 миллиард долларга етган.
Ташқи савдо айланмаси 1991 йилдаги 3,3 миллиард доллардан 2025 йилда 82,8 миллиард долларгача ошган. Экспорт ҳажми эса шу даврда 1,8 миллиард доллардан 34,2 миллиард долларга етган.
Инвестициялар ҳажми 1991 йилда 1,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 48,5 миллиард долларга етган. Қурилиш ишлари ҳажми ҳам 1995 йилдаги 611 миллион доллардан 2025 йилда 25 миллиард долларгача кўпайган.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1991 йилда 3 миллиард доллар бўлган. 2025 йилга келиб ушбу кўрсаткич 87,5 миллиард долларни ташкил этган.
Таълим соҳасида ҳам муассасалар сони ортган. Хусусан, 1991-1992 ўқув йилида мамлакатда 52 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2025-2026 ўқув йилида уларнинг сони 215 тага етган.
Умумий ўрта таълим ташкилотлари сони эса 8 557 тадан 11 118 тага кўпайган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 1991 йилда 1 388 та шифохона мавжуд бўлган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 1 972 тани ташкил этган. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етган.
Аҳолининг транспорт воситалари ва алоқа қурилмалари билан таъминланганлик кўрсаткичлари ҳам ўсган. 2010 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига 21 та автомобиль тўғри келган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 61 тага етган. Ҳар 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган мобил телефонлар сони эса шу даврда 145 тадан 359 тага кўпайган.
Ўзбекистонга туристлар ташрифи 2012 йилда 1,9 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 11,7 миллион нафарга етган.
Шунингдек, фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 2010 йилда 201 мингта бўлган. 2026 йил 1 январь ҳолатига уларнинг сони 474,9 мингтани ташкил этган.







