Шнобел мукофоти (Ig® Nobel Prize) ҳар йили дастлаб «кулги уйғотадиган, кейин эса ўйлашга ундайдиган» кашфиётлар учун берилади, дейилади ташкилот сайтида.

Биомеханика бўйича Шнобел мукофоти Матилда Бриндл, Кетрин Талбот ва Стюарт Уэстга чумолилар, қушлар, оқ айиқлар ва одамлар мисолида ўпишнинг аниқроқ таърифини ишлаб чиқиш учун берилди. Улар йирик приматларнинг аксарияти у ёки бу шаклда ўпишади, деган хулосага келишди.

Иқтисодиёт бўйича Шнобел мукофоти Пол Пиф, Дэниел Станкато, Стефан Коте, Родолфо Мендоса-Дентон ва Дечер Келтнерга юқори ижтимоий синфга мансуб одамлар кўпинча болалар захирасидан конфет олиши ва бошқа ахлоқсиз хатти-ҳаракатларни содир этиши ҳақида далиллар тўплаганлиги учун берилди.

Кимё бўйича Шнобел мукофоти Санчари Банержи, Натан Куссенс, Франсуа-Ксаве Галл, Нитиш Сатянараянан, Жандҳям Шрикант, Коичиро Яги, Жеймс Грей, Стивен Тобе, Барбара Стей, Леонард Чавас ва Субраманян Рамасвамига тирик туғувчи суварак сутидаги оқсиллар сигир сутидаги оқсиллариа қараганда уч баравар кўп энергияга эга эканини аниқлагани учун берилди.

Тиббиёт бўйича Шнобел мукофоти вафотидан сўнг Токужи Уннога «Қандай қилиб бурун қоқиш керак - бурун қоқишнинг аэродинамик тадқиқоти» илмий иши учун берилди. Марҳум доктор Унно номидан мукофотни унинг ҳамкасби доктор Мики Такахара олди.

Биология бўйича Шнобел мукофоти Жоау Мигел Алвес-Нунес, Адриано Феллоне, Селма Мария Алмейде-Сантос, Карлос Роберто де Медеирос, Иван Сазима ва Отавио Аугусто Вуоло Маркесга заҳарли илонлар танасининг турли қисмларини эҳтиёткорлик билан босиб, тажрибани турли ҳароратларда ва куннинг турли вақтларида қайта-қайта такрорлаганлиги учун берилди.

Физика бўйича Шнобел мукофоти Ренди Хёрд, Чжао Пан, Тед Траскотт ва Кавишан Тураиражага сачрамайдиган сийдик идишини яратиш бўйича назарий ва экспериментал уринишлари учун берилди. Улар прототипларни яратди ва уларни мавжуд моделлар билан солиштирди. Бир неча юзлаб тажрибалар ўтказилди.

Технология бўйича Шнобел мукофоти Жастин Пума, Чжен Ян, Эван Жонстон, Сзихин Чжан, Сяои Лан, Линжи Чжан, Хунюй Хоу, Сзихин Хе, Али Афифи, Меган Крайтон, Сзянюй Ли ва Чанхун Саоларга чивин хартумларини 3D босма учун юқори аниқликдаги сопло сифатида жорий этиш учун берилди. Бу жараён «некропринтерлаш» номини олди. Маълум бўлишича, хартумлар юқори босимга бардош бера олади ва чоп этиш қобилияти баъзи муқобилларга қараганда юқори экан. Муаллифлар ҳатто бошқа ҳашаротлар, масалан, тўшак каналари ёки цеце пашшаларининг хартумларини ҳам худди шундай сифатда синаб кўришни таклиф қилишди.