Ўзбекистон президентининг фармони билан Алишер Баҳодирович Самадов Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан у Ўзбекистон Президенти администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Самадов Президент администрацияси тизимида ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил йўналишида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган.

Хусусан, 2025 йил июлига қадар у Ўзбекистон президентининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2025 йил 14 июлда президентнинг тегишли фармони билан Самадов Президент администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбари этиб тайинланган ва президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод қилинган.

Ҳисоб палатаси раиси лавозими вакант эди

Ҳисоб палатасининг расмий сайтидаги раҳбарият ҳақидаги маълумотларда раис лавозими «вакант» деб кўрсатилган. Палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимида Меҳриддин Абдуллаев фаолият юритиб келмоқда. 2026 йил 27 августда Ҳисоб палатасида Озарбойжон Ҳисоб палатаси делегацияси билан ўтказилган расмий учрашувда ҳам Ўзбекистон томонидан раиснинг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев иштирок этган.

Ҳисоб палатаси нима билан шуғулланади?

«Ўзбекистон Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланади. У бевосита Ўзбекистон президентига бўйсунади ҳамда президент ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдор.

Палата, жумладан, Давлат бюджети лойиҳасининг шакллантирилиши ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилади, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси юзасидан ташқи аудит ва назорат вазифаларини амалга оширади.

Қонунга кўра, Ҳисоб палатаси раиси президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Президентнинг палата раисини тайинлаш ёки озод қилиш ҳақидаги фармони Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланиши лозим.