Сирдарёда «ўлик жонлар» орқали 1 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинди. Фарғонада ҳамшира 4 кишини пичоқлади, бири вафот этди. Тошкент–Андижон йўналишида тезюрар поезд қатнови бошланади. Тадбиркорларга савдо автоматларини ўрнатиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкент–Андижон йўналишида тезюрар поезд қатнови бошланади
10 сентябрдан Тошкент – Андижон – Тошкент йўналишидаги амалдаги поезд таркиби ўрнига замонавий тезюрар CRRC-Dalian электропоезди қатнови йўлга қўйилади.
Поезд 4 та эконом классда жами 357 ўриндиққа эга ва Тошкентдан соат 9:20 да йўлга чиқиб, соат 13:35 да Андижонга етиб боради. Қайтишда соат 15:38 да йўлга чиқиб, 19:53 да Тошкентга етиб келади.
Тадбиркорларга савдо автоматларини ўрнатиш ҳуқуқи берилиши мумкин
Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:
- солиқнинг белгиланган муддатда тўланмаган қисмига ҳисобланадиган пеня тўланмаган солиқ суммасидан ошиб кетмаслигини белгилаш;
- якка тартибдаги тадбиркорларга савдо автоматларини ўрнатиш ва электрон савдода буюртмаларни топшириш пунктларини очиш ҳуқуқини бериш;
- фискал чек шакллантириладиган рақамли платформалар орқали фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни назорат-касса техникасидан фойдаланиш мажбуриятидан озод этиш;
Қонун ва ҳукумат қарори лойиҳаси 2026 йил ноябр ойида тайёр бўлиши керак.
Сирдарёда «ўлик жонлар» орқали 1 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилганида Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари айрим фуқароларни ишчи сифатида расмийлаштиргани, бироқ улар амалда бошқармада ишламагани аниқланган.
Шунга қарамай, мазкур фуқаролар номига жами 1 млрд сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланган. Терговга қадар текширув маълумотларига кўра, ушбу маблағлар масъул шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун сарфланиб, бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкентда уй-жойларнинг янги қиймати солиқ юкини оширмаслиги айтилди
Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида ўтказилган кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мулкдорлар баҳолаш натижаси билан MyGov порталидаги тегишли хизмат орқали танишиши ва баҳолаш натижасига розилиги ёки рози эмаслигини билдириши мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтдаги қарийб 600 мингта квартиранинг умумий қиймати 426,7 трлн сўм деб баҳоланган. Бу объектларнинг амалдаги кадастр қиймати эса қарийб 57,7 трлн сўмни ташкил этади. Ўртадаги фарқ – 7,3 баробарни ташкил этмоқда.
Баҳолаш натижаларига бағишланган матбуот анжуманида Фискал таҳлиллар институти директори ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, оммавий баҳолаш натижасида кўчмас мулкнинг қиймати ошгани – солиқ юкининг автоматик равишда шунча миқдорда ошишини англатмайди.
Фарғонада ҳамшира 4 кишини пичоқлади, бири вафот этди
Фарғона вилояти, Қўштепа туманида ҳамшира 4 кишини пичоқлади. Улардан бири вафот этди, яна бири шифохонада оғир аҳволда, икки нафари ўрта даражада жароҳатланди.
Ҳолат 7 сентябр куни туман туғуруқхонасида содир бўлган. Kun.uz’нинг аниқлашича, пичоқлаган шахс аёл киши бўлган. У ҳамшираларни хонага қамаб олган ҳолда пичоқлагани айтилмоқда. Аёл нега бундай қилгани ва ишнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатни Kun.uz’га тасдиқлади. Унинг билдиришича, Қўштепа туман прокуратураси 7 сентябр куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатган.











