6 ёшли болалар бир йиллик мактабга тайёрлов билан тўлиқ қамраб олинади

«Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармон имзоланди. Фармон билан билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш бўйича миллий дастурнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Унда белгиланишича, 6 ёшли болалар мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олинади; нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича амалдаги имтиёзлар сақланади ва уларнинг самарадорлиги баҳоланади; барча умумтаълим мактаблари босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олинади.

Фармон иловасида келтирилишича, 6 ёшли болаларнинг бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов билан қамровини 100 фоизга етказиш мақсадига 2027 йилда эришиш кўзда тутилган.

Янги Тошкент ўз ҳокимига эга бўлади

Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади. Шаҳар ҳокимини президент лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Бу ҳақда президент фармонида белгиланди. Ҳужжат 11 ноябрдан кучга кирди.

Ҳокимлик бошқарув аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Тузилмада ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва яна икки ўринбосари, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи ҳамда бошқа масъул ходимлар фаолият юритади.

Шаҳарда давлат органлари ва ташкилотларининг 16 та бўлинмаси учун жами 30 та штат бирлиги белгиланган. Улар тегишли идораларнинг амалдаги умумий штатлари доирасида ташкил этилади.

Янги Тошкент ҳокимлиги тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар фаолият юритади.

Яйлов чиптаси: далада мол боқиш пулли бўладими?

Ижтимоий тармоқларда яйлов чиптаси жорий этилиши ва чорва молларини далада боқиш пулли бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳолатни ўрганди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг июль ойидаги қарор лойиҳасида маҳаллий аҳоли учун яйлов чиптасини пулли, камбағаллик реестридагилар учун бепул жорий этиш таклиф қилинган. Бироқ президентнинг 14 октябрдаги қарорида чипта механизми акс этмаган ва жамоат яйловларидан аҳоли бепул фойдаланиши белгиланган.

10 ноябрда биринчи ўқишда қабул қилинган «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида эса чипта механизми назарда тутилган. Халқ демократик партияси йиғилишида маърузачи чипта пулли бўлишини айтган, бироқ партиянинг расмий хабарида бепул фойдаланиш қайд этилган. Демак, чиптанинг тўлов тартиби бўйича ҳозирча аниқлик йўқ.

Demokrat.uz нашри раҳбари ва блогер узоқ муддатга қамалди

ЖИБ Тошкент шаҳри, Миробод туман судида Demokrat.uz нашри раҳбари Ф.М. ва блогер А.Ғ.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугади.

Маълум қилинишича, 11 ноябр куни эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Ф.М. Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик) ва 248 (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, А.Ғ. 165-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан 28 ёшли Ф.М.га 10 йил 3 ой, 35 ёшли А.Ғ.га эса 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ, Ф.М.дан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган. Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмади.

Ҳоким ёрдамчиси пора сифатида «айфон» сўради

Фарғона вилояти Бешариқ туманида ҳоким ёрдамчиси ушланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Маълум қилинишича, департаментнинг Бешариқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўрғонча маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчиси Д.Х. фуқаро М.Й.га тижорат банкида ишловчи танишлари орқали 150 млн сўмлик кредит ажратиб бериши эвазига iPhone 17 Pro Max русумли уяли алоқа воситасини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.