«Imarat»да ишлаганлар меҳнат ҳақини сўраб мурожаат қилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Қурилишда эскроу тўғрисидаги қонун Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Энди у Сенатда маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши керак.

Қонунга кўра, фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида маблағлар қурувчи ихтиёрида эмас, банкда очиладиган эскроу ҳисобварағида сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағ қурувчига ўтказилади. Акс ҳолда мижоз уни қайтариб олади.

Шунингдек, қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сурхондарёда сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари ёқиб, йўқ қилинди

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида сақланган сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари ёқиб, йўқ қилинди. Мазкур жиноят иши доирасида 11 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган, унинг мазмуни маълум эмас.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг ижро варақасига асосан, жиноят иши доирасида ашёвий далил деб топилган 277 та сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқ қилиш белгиланган. Суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюросининг Ангор туман бўлими томонидан тегишли ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Ҳайдовчини ҳақорат қилган ЙПХ ходими ишдан олинди

Тошкент шаҳрида ҳайдовчини ҳақорат қилган ЙПХ ходими эгаллаб турган лавозимидан четлатилди.

Маълум қилинишича, 8 ноябрь куни қоидабузарлик қилган ҳайдовчи ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Ўзаро мулоқот вақтида юзага келган тортишувда иккинчи сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори кичик сержант Раҳимов ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда фуқарони ҳақорат қилган. У ҳайдовчига «Мен кўчаман» (кўчадаги криминал муҳит вакили), деб носамимий муносабатда бўлган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви тайинланган. Кичик сержант Раҳимов эгаллаб турган лавозимидан четлатилган.

Қарши шаҳрида бино томи ҳаракатдаги машина устига қулади

Қарши шаҳрида кучли шамол бино томини қулатди, деб хабар берди Қашқадарё вилояти ФВБ.

Маълум қилинишича, шаҳарда қисқа вақт давомида кучли шамол кузатилган. Оқибатда бинолардан бирининг том конструкцияси қулаб, ҳаракатланаётган машина устига тушган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жисмонан жабрланмади.

Тегишли хизматлар жалб этилган ҳолда йўл устида қолган том конструкциялари олиб ташланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган.

«Imarat»да ишлаганлар меҳнат ҳақини сўраб мурожаат қилди

Ижтимоий тармоқларда «Imarat» объектларида ишлаган усталар сифатида ўзини таништирганлар видеоси тарқалди. Улар қурилишда монтаж ва пол ётқизиш ишларини бажаргани, бироқ меҳнат ҳақини ҳанузгача олмаганини айтмоқда.

Видео қаҳрамонларидан бири актриса Шаҳзода Муҳамедовага мурожаат қилиб, уни турмуш ўртоғи Марат Ҳамдамов учун эмас, балки ҳақини ололмаётган ишчилар учун ҳам йиғлашга чақирган.

«Шаҳзода Муҳамедова эри учун йиғламасин, келиб мана бу ерда етим-есирларнинг ҳаққи учун йиғласин. Пули берилмаган усталар учун йиғласин. Минглаб халқ азоб кўряпти», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Imarat Development» раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилиб, раҳбар Марат Ҳамдамов қамоққа олинган эди.