Асаджон Хўжаев рақамли технологиялар вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Асаджон Азатбекович Хўжаев 1970 йил 3 сентябрда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида туғилган. 1993 йилда Тошкент электротехника алоқа институтининг электралоқа муҳандислиги йўналишини тамомлаган, 2001 йилда президент ҳузуридаги Давлат қурилиши академиясини битирган.

Асаджон Хўжаев 2004−2011 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) бош директорининг ўринбосари, 2011–2012 йилларда Интеллектуал мулк агентлиги, 2012-2017 йилларда – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари бўлган қилган. 2017 йил мартидан августигача президент матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлаган. 2017−2018 йилларда Биринчи президент Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган.

2018 йил августидан Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази, ўша йил ноябридан «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази директори лавозимларида фаолият юритган.

2019 йил ноябрда Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи этиб тайинланган. 2020 йил июлида эса президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинланган.

2025 йилда президент фармони билан АОКА фаолияти тугатилган ва Хўжаев ҳам раҳбарлик лавозимидан озод этилганди. У ҳозиргача Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси («Ўзкомназорат») бошлиғининг маслаҳатчиси сифатида ишлаб келаётганди.