Сирож Бозор ўғли Бекчанов Атом энергияси агентлиги ҳузуридаги Атомчилар шаҳарчасини қуриш бўйича дирекцияси давлат муассасаси директори этиб тайинланди, дея хабар берди «Ўзатом».

Дирекция Жиззах вилоятининг Фориш туманида интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши муносабати билан мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари учун турар жой, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш билан шуғулланади.

Сирож Бекчанов Урганч давлат университетини тамомлаган. Турли йилларда Хоразм вилоятида электр тармоқлари, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш соҳаларида турли лавозимларда ишлаган.

2023 йил апрелидан буён Хоразм вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Бекчанов ўрнига Музаффар Қаландаров Хоразм вилояти ҳокимига ўринбосар этиб тайинлангани хабар қилинганди.