Ўзбекистон президенти «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил октябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2026 йил июнда маъқулланган ушбу ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг уч ой ўтиб кучга киради.

Ушбу қонуннинг мақсади – аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Фуқаролар тинчини бузадиган ҳолатлар

Қонун билан шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киритилди:

  • турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;
  • қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;
  • ишлаб чиқариш корхоналари томонидан технологик ускуналарни, шу жумладан ёрдамчи қурилмаларни ишлатиш, шунингдек ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги ишларни бажариш вақтида юзага келадиган шовқин;
  • турли тоифадаги транспорт воситаларининг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин;
  • оилавий тадбирларни ўтказиш чоғида, савдо комплекслари, умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар, аҳолига хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти натижасида юзага келадиган, шу жумладан товуш қурилмаларидан чиқариладиган шовқин;
  • пиротехника буюмларидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган шовқин.

Тинчлик режими

Қонун билан тунги ва дам олиш вақтидаги тинчлик режимлари аниқ чегараланди.

Эндиликда иш кунлари соат 23:00 дан соат 07:00 гача, дам олиш ва байрам кунлари эса соат 22:00 дан соат 09:00 гача бўлган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқин чиқариш ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш тақиқланади.

Турар жой бинолари ва уларга туташ ҳудудларда қурилиш, таъмирлаш ҳамда реконструкция ишларини ўтказишда шовқин манбаларидан фойдаланишга фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача рухсат берилади.

Дам олиш ва байрам кунларида турар жойларда шовқин чиқарадиган қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.