Соат тунги ўн икки. Тошкентнинг асосий магистраллари: Шота Руставели, Амир Темур ва бошқа кўчалар бўйида яшовчи юз минглаб одам деразасини очиб ухлайди. Айни шу пайт кўчадан гувуллаб ўтаётган мотоцикл овози уйқуни бузади. Бу бир кечалик воқеа эмас, йиллардан бери сақланиб қолаётган муаммо. Сўнгги йилларда электромотоцикл ва скутерлар сони кескин ошиши билан муаммо долзарблашди.
Рақамларга қарасак, 2021–2022 йилларда чет элдан 50 мингдан ортиқ мототранспорт олиб келинган бўлса, 2023 йилнинг ўзида бу рақам 2,5 баробарга ошиб, 127 минг донага етган.
Хўш, муаммонинг тагида нима ётибди: назоратнинг йўқлигими, мотоцикл ҳайдаш маданияти етишмаётганими? Kun.uz мавзу муҳокамаси учун Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати вакили Қаҳрамон Худайберганов, моточемпион ва мотомактаб раҳбари Ислом Соатов ҳамда "Verum Law Firm" адвокати, ҳуқуқшунос Шоҳжаҳон Шомуродовни студияга таклиф этди.
Тунги рейдлар натижа беряптими?
Тунги соат 23:00 дан кейин шовқин билан боғлиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, жумладан, баланд овозда мусиқа қўйиш ёки мотоцикл шовқини бўйича ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган. Зарурат туғилганда фуқаролар 102 га мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолатларда профилактика инспектори томонидан тегишли чоралар кўрилиши лозим. Лекин ҳақиқатда, айтилаётганидек, назорат натижа беряптими?
«Ҳар бир қилмишга қонунчилигимизда мукаммал жавобгарлик бор. Юриш-туришдан тортиб, кўчада йўл безорилиги қилса ҳам, керак бўлса қамоқ жазоси ҳам бор. Айрим оилаларда тарбия ва маданият бўйича бўшлиқ борлиги, ота-она фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўйганида гап. Бундай ҳолатларни текширганимизда, аксарияти ўзиники эмас, бошқариб юрган мотоцикли танишиники, қариндошиники бўлади. Ўзи бир қийналиб, пешона тери билан олган мотоциклни бошқараётган одам унақа юрмайди. У билади, агар қоида бузса, қонунни бузса, уни нима кутаётганини. Лекин айтганимиздек, ёшлар орасида шундай ҳолатлар бор.
Бироқ ҳозирги кунда нисбатан кескин камайган. Тўлиқ Тошкент шаҳар ҳудуди назоратга олинган, ҳамма жойда камералар бор. Керак бўлса, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига тўхтамай қочиб кетса ҳам, мотоцикл ҳайдовчиларининг барчаси топилади ва уларга нисбатан қонуний чора кўрилади», — дейди Қаҳрамон Худайберганов.
Муаммонинг илдизи ҳуқуқий маданиятдами?
Ҳуқуқшунос Шоҳжаҳон Шомуродовнинг фикрича, ҳар қандай қоидабузарликнинг замирида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият масаласи ётади. Унинг таъкидлашича, қонунни бузаётган шахс ўз ҳаракатининг оқибатини тушуниши мумкин, бироқ ҳуқуқий маданият етишмагани сабабли белгиланган қоидаларга амал қилмайди.
«Ҳар бир нотўғри, қонунда белгиланган тартибга амал қилмасликнинг тагида ҳуқуқий онг билан ҳуқуқий маданият ётади. Қоидабузарликларни содир этаётган ҳар бир шахсда ҳуқуқий онг бўлади, лекин ҳуқуқий маданият етишмайди, яъни белгиланган қоидаларга амал қилиш маданияти шаклланмаган», — дейди Шомуродов Шоҳжаҳон.
Унинг қайд этишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасида соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган даврда маиший шовқин чиқарганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 125-моддаси 3-қисмига кўра, транспорт воситаларини, жумладан мотоциклларни, тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозлаганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик мавжуд. Бу йўналишда аҳолини шовқиннинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаси ҳам Сенат томонидан маъқулланган.
Пойга учун махсус жой борми?
Қизиғи, расмий равишда пойга ўтказиш мумкин бўлган жой борлиги айтиляпти.
«Тошкент вилоятининг Пискент туманида махсус жой бор, мана шундай пойга учун. Тегишли рухсатнома билан у ерда пойгада қатнашиш мумкин», — дейди Қаҳрамон Худайберганов.
Аммо мотомактаб раҳбари Ислом Соатов бу жавобга рози эмас. Унинг сўзларига кўра, ўша рухсатни олиш учун ойлар керак бўлади.
«Битта нарса бор: иккита бола кўчада уришиб кетса, “бор кучингни рингда кўрсат”, дейилади-да. Бизда иккита пойгачи мотоциклда пойга ўйнаса, “бор анави трассада кўрсат”, дея олмаймиз. Чунки Пискент автополигони, биринчидан, стандартга жавоб бермайди. Жавоб берса ҳам, у жойга бориб рухсат олиш учун ойлар керак. Биз яқинда август ойида пойга қилмоқчимиз ўша ерда, ИИВга расмий хат ёзганман. Июн ойидан бери ҳаракат қиляпман, икки ойдан ошди...
Мен айтмоқчи бўлганим, агар давлат томонидан махсус пойга ўйнаш мумкин бўлган жой ташкил қилиб берилса, кейин кўчада пойга ўйнаб юрганларни олиб келиб, “сенга давлат қуриб берган жой бор-ку, бор ўша ерда пойга ўйна”, дейишимиз мумкин», — дейди Соатов.
“Глушитель” масаласи
Ижтимоий тармоқларда “прямоток” деб аталадиган ноқонуний қайта жиҳозлаш кўп танқид қилинади. Лекин Ислом Соатовнинг айтишича, муаммо фақат қайта жиҳозлашда эмас, мотоциклнинг ўзи табиатан баланд овоз чиқаради.
«Мотоциклнинг узунлиги икки метр... мотори ўртада тургани ҳисобига глушитель тахминан бир метр бўлади... Заводдан чиққан мотоциклнинг овози ҳам машинаникидан кўра баланд бўлади», — дейди у.
У, шунингдек, ЙҲХБ ходимлари билан ўлчов усулида ҳам келишмовчилик борлигини қайд этади. Децибелни ўлчаш учун мотор айланиши 3000 оборотдан ошмаслиги керак бўлса-да, амалиётда бу қоидага ҳар доим ҳам риоя қилинмайди.
Қолаверса, мотоциклчиларни ҳимоя қиладиган "слайдер" деб аталувчи детал (йиқилганда оёқни ҳимоя қилувчи дуга) баъзан хатолик билан "рухсатсиз қайта жиҳозлаш" сифатида жаримага тортилиши ҳам қонуннинг амалиётда ноаниқ қўлланишига мисол сифатида кўрсатилди.










