Бундан 25 йил аввал 11 сентябрда террор ҳужумига учраган Жаҳон савдо маркази ўрнида бугун ёдгорлик, унинг ёнида эса ҳалок бўлганлар учун хотира объекти – станция қурилган. Бу станция дунёдаги энг қимматларидан бўлиб, 4 млрд доллар сарфланган. Хўш нега қийин ва қиммат иш бўлишига қарамай Ню-Йорк ҳокимияти бюджетдан шунча пул ажратишга рози бўлганди? Kun.uz нинг АҚШдаги мухбири ўша машхур станциядан репортаж тайёрлади.

Террор сабаб ер билан яксон бўлган Жаҳон савдо маркази ўрнида АҚШ ва дунёдаги энг қиммат темирйўл станцияси ҳам жойлашган. Кўринишидан оппоқ қушни эслатувчи бу объект айнан 11 сентябр воқеаларига бағишлаб, бунёд этилган.

Қурилишига қарийб 4 млрд доллар сарфланган бу станция испаниялик меъмор Сантиаго Калатраванинг асари. У бинони оқ қушга ўхшатиб, лойиҳалайди. Сабаби - бу ерда ҳалок бўлганлар оқ қуш каби осмонга кўтарилганини ифодаламоқчи бўлади.

Бу станцияни қуришга кетган пулга масалан, ҳозирги ҳисоб-китоб билан камида бутун метро линияси, 10 та халқаро аэропорт, 100 та замонавий шифохоналар, 250 та мактаб қуриш мумкин.

Шунга қарамай, Ню-Йорк ҳокимияти бу маблағни айнан хотира иншооти бўлгани сабаб беришга қарор қилади.

Ҳар йили 11 сентабр куни эрталаб қуёш нурлари махсус ҳисоб-китоб асосида бино ичига тушади. Ёруғлик оқими 8:46 да — биринчи самолёт эгизак минорага урилган вақтда бошланади ва 10:28 гача — иккинчи минора қулаган пайтгача бино ичида ҳаракатланади.

Шундай қилиб, бу бино ҳар йили бир кун давомида ёдгорликка айланади. Бу ерга келган одамлар вақтни соат орқали эмас, қуёш нури орқали ҳис қилади.

Қурилишнинг ўзи ҳам рекордларга бой.

Oculus учун 11 минг 500 тоннага яқин махсус пўлат ишлатилган. Бино ичидаги энг баланд нуқта 49 метрга етади. Оқ рангли мармарнинг катта қисми Италиядан олиб келинган.

Бугунги кунда бу ер фақат транспорт маркази эмас. У 12 та метро йўналиши ва Ню-Жерсига қатновчи PATH поездларини боғлайди. Ҳар куни 200 мингга яқин одам шу ҳудуддан ўтади. Савдо марказлари, ресторанлар ва жамоат майдонлари билан Oculus Ню-Йоркнинг энг гавжум масканларидан бирига айланган.

Бир пайтлар вайроналар билан қопланган ҳудуд бугун миллионлаб одамлар келадиган жойга айланган.