DW хабарига кўра, Мамдани мазкур стратегияни 29 сентябр куни тақдим этган. Шаҳар маъмурияти синагогаларни қўриқлашга қўшимча маблағ ажратиш ҳамда яҳудий диний иншоотлари хавфсизлиги бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда.
Стратегия доирасида шаҳар бўйлаб антисемитизмга қарши ахборот кампаниялари ўтказилади, Холокост ҳақида маълумот берувчи таълим дастурлари кенгайтирилади.
Яҳудий маданий марказлари ва нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга ҳам миллионлаб доллар йўналтириш кўзда тутилган. Улар орасида Квинс ҳудудида барпо этилаётган Холокост қурбонлари ёдгорлиги ҳамда Бруклиндаги Янги яҳудий маданияти маркази бор.
Мамдани X ижтимоий тармоғида эълон қилган видеомурожаатида яҳудийлар Ню Йорк аҳолисининг 12 фоизини ташкил этишига қарамай, полиция қайд этган нафрат жиноятларининг ярмидан кўпи антисемитизм билан боғлиқ эканини айтган.
«Бу нафақат қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, балки биз ўзгартиришимиз шарт бўлган вазиятдир. Шаҳар маъмурияти бу борада етакчи ролни ўз зиммасига олади», — деган мэр.
Мамданининг Исроил–Фаластин можаросига муносабати
Ню Йорк тарихидаги биринчи мусулмон мэр Зоҳрон Мамдани Фаластинни қўллаб-қувватлаши ва Исроил сиёсатини танқид қилиши билан танилган. Унинг бу қарашлари шаҳардаги яҳудий жамоасининг бир қисми норозилигига сабаб бўлган. Айни пайтда, Ню Йорк яҳудийлари орасида Мамданининг тарафдорлари ҳам бор.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ню Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида Мамданини антисемит деб атаган.
DW маълумотига кўра, Мамдани 2026 йилги сайлов кампанияси давомида Нетаняҳу Ню Йоркка келса, Халқаро жиноят суди 2024 йилда берган ҳибсга олиш ордери асосида унинг ҳибсга олинишига эришишга ҳаракат қилишини айтган. Бироқ мэр лавозимига киришганидан сўнг, бундай ваколатга эга эмаслигини тан олган.

















