Ҳодиса 31 август, душанба куни кечқурун Ню-Йорк марказидаги Таймс-сквер майдони яқинида содир бўлган. Иккита катта ошхона пичоғи билан қуролланган 49 ёшли аёл кўчадаги одамларга ҳужум қилган.
The New York Times маълумотларига кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 16:30 атрофида 43-кўча ва Еттинчи авеню кесишмасида, полиция пости яқинида юз берган. Dpa агентлиги ҳужум қилган аёл Ню-Йоркнинг Куинс туманида яшаганини хабар қилмоқда.
Дастлаб аёл метро бекатидан чиққан ва рафиқаси билан кўчани кесиб ўтишга тайёрланаётган 68 ёшли эркакка ташланган. У эркакнинг қорин қисмига пичоқ урган.
Орадан бир неча сония ўтиб, ҳужумчи 32 ёшли аёлга ҳам ташланиб, унинг қорин қисмига пичоқ билан зарба берган. Ҳар икки жабрланувчи шифохонага етказилган. Бироқ 32 ёшли аёл олган оғир жароҳатлари оқибатида вафот этган. 68 ёшли эркакнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Ню-Йорк полицияси комиссари Жессика Тишнинг маълум қилишича, воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари бир неча дақиқа давомида аёлни пичоқларни ташлашга кўндиришга уринган. Бироқ у полиция талабларини бажармаган ва ходимларга ҳам ҳужум қилишга ҳаракат қилган.
Шундан сўнг полиция аввал электрошок қурилмаларини қўллаган. Бу ҳужумчини тўхтатмаганидан кейин ходимлар ўқотар қуролдан фойдаланган. Аёл ўқдан олган жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлган.
Полиция комиссарига кўра, ҳужум қилган аёлнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолари полиция ҳужжатларида аввал ҳам қайд этилган. Хусусан, у билан боғлиқ ҳолатлар 2018 ва 2019 йилларда кузатилган. Шу билан бирга, ўша воқеаларда аёл ҳибсга олинмаган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳозирча Таймс-сквердаги ҳужумни террорчилик ҳаракати деб ҳисоблаш учун асос йўқлигини билдирган.
Ню-Йорк мэри Зохран Мамдани ҳамда полиция комиссари Жессика Тиш воқеа жойидаги полиция ходимларининг ҳаракатларини юқори баҳолаган. Мэрнинг таъкидлашича, полициянинг тезкор ҳаракатлари янада кўпроқ одамлар жабрланишининг олдини олган.
Айни пайтда, Ню-Йоркда 2026 йил давомида зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони сезиларли даражада камайган. Dpa маълумотларига кўра, шаҳарда қотилликлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга қисқарган ва йил якуни бўйича кўрсаткич сўнгги ўн йилликлардаги энг паст даражалардан бири бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, 31 август куни содир бўлган қотиллик жорий йилда Таймс-скверда қайд этилган иккинчи ўлим билан якунланган ҳужум бўлди. Май ойида ҳам шу ҳудудда бир эркак пичоқ билан оғир яраланиб, вафот этган.







