«Чизилган ғалабалар». Россия ҳарбийлари сунъий интеллект орқали фронтдаги «ютуқ»ларни қандай ясамоқда?
|17:195 6109 мин
Россия армияси бўлинмалари фронтдаги «илгарилаши»ни кўрсатиши керак бўлган сохта фотосуратлар ва видеоёзувларни яратиш учун сунъий интеллект воситаларидан фаол фойдалана бошлади.
Фото: BBC УкраинаФото: BBC Украина
BBC Украина хизматининг Украина қуролли кучлари қўмондонлиги орасидаги манбалари бу тенденцияни тасдиқламоқда. Шу билан бирга, улар ҳозирда Россия қўшинларининг асосий тактикаси «инфилтрация» эканини қайд этган. Бу икки-уч, баъзида тўрт-беш нафар жангчидан иборат алоҳида гуруҳлар Украина позициялари ортига ўтиши, бирор бино ёки бошпанага яширинча жойлашиши ва бироз ўтгач, дрон камераси қаршисида Россия байроғини кўтарган ҳолда кўриниш беришини назарда тутади.
Шундай кадр олинганидан кейин Россия мудофаа вазирлиги мазкур аҳоли манзилини «босиб олинган ҳудудлар» рўйхатига киритади – ҳолбуки, Украина қидирув-зарбдор гуруҳлари бу ҳудудга кириб олган кам сонли душман ҳарбийларини тезда йўқ қилади.
Кичик штурм гуруҳлари доим ҳам белгиланган манзилга етиб кела олмайди. Бундай ҳолатларда рус ҳарбийлари сохталаштиришга мурожаат қилмоқда. Улар сунъий интеллект ёрдамида ўз жангчиларини гўёки эгаллаб олинган қишлоқ ёки шаҳарда турган ҳолатини «чизади».
«Шунда россиялик ҳарбийлар фронт чизиғидан 7-10 км узоқликда жойлашган қишлоқларни „олгани“ маълум бўлади. Аслида эса бу қишлоқларнинг яқинига ҳам йўламаган бўлишади», – дейди BBC билан суҳбатда Суми йўналишида хизмат қилаётган украин ҳарбийси.
Россия қўшинлари «илгарилагани» ҳақидаги бундай сохта хабарлар Донецк, Харкив, Запорижжя ва Лиман йўналишларидан ҳам эълон қилинган. Россиялик аскар Святогорск аҳоли пунктида «тургани» намойиш этилган видео бунга яққол мисол бўла олади. 1 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин ушбу шаҳарча босиб олинганини эълон қилганди.
Кадрларда сунъий интеллект белгиларини яққол кўриш мумкин – юзи ниқобланган аскар Святогорск кўчаларидан бири акс этган суратга монтаж қилиб қўшиб қўйилган.
Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилий маркази бу мавзуни ўрганиб чиқди ва сўнгги ойларда россиялик ҳарбийлар ва блогерлар томонидан Россия армиясининг «муваффақиятлари» ҳақидаги ўнлаб видеолар эълон қилинганини аниқлади.
ISW ҳисоботида нималар дейилган?
ISW мутахассислари фикрича, бундай фотосуратлар ва видеолар Россия фронтда ташаббусга эга деган таассурот уйғотиш ва вазиятни Украина мудофаа чизиғи бутун ҳарбий ҳаракатлар майдони бўйлаб қулаётгандек кўрсатиш учун тайёрланмоқда.
Мавзуга оид
«Сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган видеоматериалларни яратиш – кенг кўламли, марказлаштирилган ёки стандартлаштирилган ҳарбий амалиёт эмас, балки Россиянинг алоҳида ҳарбий мухбирлари ва муайян бўлинмалари ташаббуси бўлиб кўринмоқда», – дейилади хабарда.
ISW маълумотларига кўра, Россиядаги манбаларда сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланган бундай видеоларни ёппасига эълон қилиш 2026 йил июн ойидан бошланган.
2026 йил 1 июндан 2026 йил 30 августгача бўлган даврда ISW сунъий интеллектдан фойдаланилгани гумон қилинган камида 35 та видеони аниқлади. Бундай контентни аниқлаш учун бозорда мавжуд бўлган дастурий таъминот (юқори даражадаги ишонч билан) камида 10 та видео сунъий интеллект ёрдамида ўзгартирилганини қайд этган.
Сунъий интеллектни аниқлаш воситалари чеклангани ҳисобга олинса, бундай видеоларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкин: бундай дастурлар ҳар доим ҳам тажрибали кузатувчи учун аниқ бўлган ўзгаришларни пайқай олмайди.
ISW биринчи марта 2026 йил 11 июн куни сунъий интеллект ёрдамида ўзгартирилган (Россия байроқлари акс этган) видеоларни қайд этган ва шу ой охирига келиб, Россиядаги манбалари сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкин бўлган камида саккизта шундай видеони эълон қилган.
Институт қайд этишича, Россиядаги манбалар июл ва август ойларида мос равишда 13 ва 14 та шундай видеони эълон қилган.
ISW Россия ҳарбийлари Украинадаги ғалабани муқаррар деб кўрсатиш учун когнитив уруш кампанияси доирасида сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланган материаллардан фойдаланаётганини қайд этган.
Сунъий интеллект томонидан яратилган тижорий контентни аниқлаш дастури таҳлил қилинган видеолар Sora ва Seedance моделлари ёрдамида яратилганини кўрсатади.
Sora ва Seedance – генератив AI моделлари бўлиб, киритилган матн ёки маълумотномалар асосида видеолар яратади.
Sora 2024 йилда Американинг сунъий интеллектга ихтисослашган OpenAI компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Seedance эса 2025 йилда Хитойнинг сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар соҳасида фаолият кўрсатувчи ByteDance компанияси томонидан яратилган.
Россия ва Украинадаги манбалар видео сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланганини хабар қилишган – видеода россиялик ҳарбий хизматчи атрофдаги дарахтлар билан тенг қилиб қўйилган ва у кутилмаганда кадрдан ғойиб бўлади.
Россия мудофаа вазирлиги 3 август куни ушбу аҳоли пункти эгаллангани ҳақида хабар берди.
24 август куни Россиянинг «Восток» қўшинлари гуруҳи ҳудудидан тез-тез кадрлар эълон қилиб турадиган Voin DV тахаллусли Z-блогер Запорижжя областидаги Долинка қишлоғида худди шундай тана пропорциялари бузилган россиялик ҳарбий хизматчилар байроқларни кўтараётгани акс этган видеони (унда аскарлар атрофдаги бинолар билан солиштирганда жуда йирик кўринади) эълон қилди.
Россия мудофаа вазирлиги шу куниёқ ушбу қишлоқ эгалланганини эълон қилади.
ISW Россиядаги манбалар сунъий интеллект ёрдамида яратилган ёки ўзгартирилган ҳарбий хизматчиларни кадрда кўриш вақтини қисқартириш ва шу тариқа аномалияларни аниқлашни қийинлаштириш учун ўз видеоларида панорамалаш (манзарани кенг бурчак остида кўрсатиш) ва зумдан (яқинлаштириб кўрсатиш) фойдаланаётганига эътибор қаратади.
Ушбу технология ёрдамида таҳрирлангани тахмин қилинган видеоларда монтаж, тартибсиз яқинлаштириш ёки панорамалаш, шунингдек, тасвирланган россиялик ҳарбийлар ва байроқлар атрофидаги соялардаги номувофиқликлар мавжуд.
Монтаж икки саҳнани боғлаш учун ишлатилади: йирик пландаги байроқ силкитаётган рус аскари ва умумий пландаги аҳоли пункти.
Аниқланган аномалиялар шуни кўрсатадики, сунъий интеллект моделлари ҳали ҳам Россия ҳарбийларининг ишончли тасвирларини яратишда ёки мураккаб саҳналарни анимация қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Катта эҳтимол билан, Россиядаги манбалар сунъий интеллект моделлари учун бошланғич материал сифатида фойдаланиш мақсадида фронт яқинидаги аҳоли пунктларида кадрлар суратга олишмоқда. Баъзи ҳарбий мухбирлар сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланган видеоларига локацияни аниқлашни осонлаштириш учун байроқ кўтарилган жойни кўрсатувчи хариталар ёки ориентирларни қўшган.
Урушни ўрганиш институти таъкидлашича, бундай видеоларда сунъий интеллект ёрдамида манипуляцияларни аниқлаш геолокация маълумотларини батафсил текширишдан кўра, тасвирланган ҳарбий хизматчилар ёки байроқларни синчковлик билан таҳлил қилишни талаб қилади.
Запорижжя областидаги Долинка қишлоғининг рус қўшинлари томонидан «босиб олиниши» тасвирлари. Видеода одамлар ва бинолар нисбати бузилганини кўриш мумкин, бу эса сунъий интеллектдан фойдаланилганини кўрсатади.
Институт сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган ёки шунда гумон қилинган видеоларда тасвирланган камида 10 та полк ва бригада ҳарбийларини аниқлаган.
Бундан ташқари, бундай видеолар Россия қўмондонлиги томонидан ҳам ҳисоботлар учун ишлатилган.
27 август куни Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Россия қўшинлари Словянск-Краматорск йўналишида муваффақиятга эришгани ва Донецк областидаги Пискуновка қишлоғини эгаллаб олганини маълум қилди.
Сунъий интеллект томонидан яратилган тижорий контентни аниқлаш дастури Пискуновкадаги россиялик ҳарбийлар тасвирланган бир нечта саҳналар сунъий интеллект моделлари ёрдамида ўзгартирилганини юқори ишонч билан аниқлади.
3 ва 4 июл кунлари Россия манбалари сунъий интеллектдан фойдаланишда гумон қилинган ёки тасдиқланган камида тўртта видеони эълон қилди, уларда гўёки Константиновкада байроқларни ҳилпиратаётган россиялик ҳарбий хизматчилар тасвирланган.
Россиядаги манбалар Украина ҳарбийларининг Александровск йўналишидаги тасдиқланган ҳудудий муваффақиятларини «рад этиш» учун ҳам сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган бўлиши мумкин бўлган видеолавҳалардан фойдаланган.
12 август куни Украина президенти Володимир Зеленский Украина қўшинлари Александровск йўналишидаги қарши ҳужум операцияларини якунлаганини ва 26 та аҳоли пунктини озод этганини маълум қилганди.
14 август куни Россиядаги манба россиялик ҳарбийлар Украина қўшинлари томонидан озод қилингани айтилган бир нечта аҳоли пунктларида ўз позицияларини ушлаб тургани кўрсатилган видеони эълон қилди.
Сунъий интеллект томонидан яратилган контентни аниқлаш дастури юқори даражадаги ишонч билан Новониколайивка ва Злагода (Днипропетровск области), шунингдек, Приволний, Рибний, Красногорск ва Новогригоровканинг шимолий қисмида (Запорижжя области) россиялик аскарлар тасвирланган саҳналар сунъий интеллект моделлари ёрдамида ўзгартирилганини аниқлади.
Россия ҳукумати сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган ҳарбий видеоёзувлардан фойдаланиш ҳолатларига изоҳ бермаган.
Президент Путин Россия армияси бутун фронт бўйлаб ишончли тарзда олдинга силжиётганини таъкидлашда давом этмоқда.