Kun.uz'га мурожаат қилган марҳуманинг яқинларига кўра, воқеа шу йил 14 август куни Бойсун туманида содир бўлган. Ўша куни соат тахминан 09:30–10:00 оралиғида марҳума опаси билан телефонда гаплашган. Шундан сўнг мулоқот тўсатдан узилган. Опаси қайта қўнғироқ қилганида эса телефонни марҳуманинг эри олган ва жанжал бошланганини айтган. Эркак суҳбатда «синглингни ўлдираман» мазмунида гапирган ва алоқани узган. Опаси бир неча бор қайта қўнғироқ қилган, аммо жавоб бўлмаган. Шундан сўнг у куёвининг отасига қўнғироқ қилган. У эса ўғли марҳума билан бошқа уйга кетганини айтган. Орадан тахминан 30 дақиқа ўтиб, марҳуманинг эри унинг опасига қўнғироқ қилиб, аёл вафот этганини маълум қилган.

“Синглим қотиллик қурбони бўлди. Олдиндан оиласида уруш-жанжали бор эди. Биз участка нозирига айтганмиз, маҳалладагилар билан борганмиз, ўшандаям куёв “уриб ўлдирсам ҳам, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди” деганди. Аввал ҳам бир неча марта калтакланган, ҳимоя ордери сўрадик, лекин беришмади.

Синглим иккинчи фарзандига тўрт ойлик ҳомиладор эди. Эри бўйнига, оёқларига урган, жасадни юваётганимизда сочлари юлинган, орқалари шилинган эди. Чунки сочидан тортиб урган. Юзида, бўйинларида кўкаришлар бор эди. Ўзи илгари соғлигидан шикоят қилмаган, яқинда ҳомиладорлик давридаги кўрикдан ўтган, саломатлиги яхши эканлиги ҳақида шифокор хулосаси ҳам бор. Лекин негадир экспертиза хулосасида ўлимга ўткир бўйрак ва жигар касаллиги сабаб бўлгани ёзилган. Агар шунча оғир касал бўлса шу кунгача биз билмасмидик? Ҳақиқатни юзага чиқариш учун синглимнинг қабрини очишларига ҳам розимиз”, дейди улар.

Прокуратура: “ишда жиноят аломатлари йўқ”

Kun.uz ихтиёридаги 2026 йил 15 августдаги 107-сонли суд-тиббий экспертиза хулосасида марҳуманинг танасида бир нечта жароҳатлар: кўз атрофида кўкариш, қўл-оёқларда шилиниш бўлгани қайд этилган. Экспертлар ушбу жароҳатлар ўтмас, қаттиқ жисм таъсири ёки ишқаланиш натижасида етказилган бўлиши мумкин, деб баҳолаган. Хулосада яна тан жароҳатларининг сонига қараб, танага камида уч марта куч таъсири бўлгани ва бу жароҳатларнинг баъзилари ўлимдан олдин етказилгани айтилган.

Экспертизада марҳумада эклампсия, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, бош мияга субарахноидал қон қуйилиши, бош мия шиши, ўткир буйрак етишмовчилиги ҳамда жигар ва буйраклардаги бошқа патологик касалликлар бўлгани ўлим сабаби қилиб кўрсатилган.