UzAuto Motors'ни хусусийлаштириш очиқ ва рақобат асосида амалга оширилади. Бунда айрим компанияларга, жумладан, Американинг General Motors компаниясига активни сотиб олиш учун имтиёз ёки устувор ҳуқуқ берилмайди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати Spot’га маълум қилган.

Давактив маълумотига кўра, хусусийлаштиришда миллий қонунчилик талабларига жавоб берадиган ҳар қандай инвестор иштирок этиши мумкин. Активни халқаро савдолар орқали, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаган ҳолда сотиш режалаштирилмоқда.

UzAuto Motors'ни сотишга тайёргарлик аввал тасдиқланган хусусийлаштириш дастури доирасида аллақачон бошланган. Давактив халқаро консултантларни жалб қилган, улар ҳозирда компанияда due diligence текширувини ўтказиб, сотув учун зарур ҳужжат ва материалларни йиғмоқда.

Консултантларнинг тегишли хулосалари ва таклифлари олингач, агентлик активни сотиш жараёни бошланганини расман эълон қилади.

Аввалроқ, UzAuto Motors Chevrolet бренди остида автомобиллар ишлаб чиқаради ва технологик жиҳатдан GM лицензиялари ҳамда бутловчи қисмларига боғланган. Шу жиҳатдан эҳтимолий харидор Америка компанияси билан бирга ишлайдиган ташкилотлардан бири бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.