Тошкентда бир қанча тадбиркорлар электр энергиясидаги узилишлардан азият чекяпти. Kun.uz билан боғланган мурожаатчилар сўзларига кўра, улар Сергели ва Янгиҳаёт бекатлари орасидаги ер усти метронинг остида янги қурилган биноларда иш бошлашган. Аммо қарийб икки ойдан бери уларга электр муаммосини ҳал қилиб беришмаяпти.
«Метро остидаги бинони ижарага олганмиз. Бу ерда «свет» муаммо бўляпти. Қарийб 2 ойдан бери узилишлар тугагани йўқ. Сергели ҳокимиятидан одамлар келиб, бир ҳафтада муаммони ҳал қилиб беришади, деб кетишганди. Бир ойдан ошиб кетди, лекин ҳеч қанақа ўзгариш бўлгани йўқ. Йўқ нарсага, шароитга ижара пули тўлаяпмиз. Яна ҳожатхона муаммоси ҳам бор», дейди тадбиркор.
Яна бир мурожаатчи кечқурун одамлар кўчага чиққанда ишлолмаётгани, дўконларнинг ичи қоронғилигидан шикоят қиляпти.
«Бу ерда дўконлар кўп. Ҳамма квадрат метрига қараб ижара пули тўлайди. Шахсан мен 500 доллар тўлашим керак. Ҳозирги кунда «свет» йўқлиги учун шу пулни қаердан олсам экан, деб ўтирибман. Амалий ёрдам кўрсатсангиз жуда ҳам хурсанд бўлардик», дейди тадбиркор.
Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати билан боғланди.
«Қурилиш фирмаси дўконларни қураётганда вақтинча уларга электр энергияси бериб турилган. Бунда таъминот фақат қурилиш ишлари учун амалга оширилган. Объектлар битганидан кейин қурувчи уларни бизга тайёр ҳолда топшириши керак. Яъни қурувчи қанча электр таъминоти кераклигини аниқлаштириб, инфраструктурани яратиб бериш керак. Шу иш қилинмаган. Аҳолига ажратилаётган электр энергиясидан уларга бера олмаймиз, тизим ортиқча босимни кўтармайди. Симларни қандай ва қаердан улаш муаммоси ҳам бор. Буларнинг ҳаммасини қурилиш фирмаси билан гаплашишимиз керак», дейилади расмий изоҳда.












