DW хабарига кўра, dpa агентлиги бу ҳақда аэропорт ва Германия федерал полицияси вакилларига таяниб маълум қилган.
Дрон маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида қайд этилган. Шундан сўнг Германия ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати — Deutsche Flugsicherung (DFS) шимолий учиш-қўниш йўлагини ёпган.
Соат 20:20 да жанубий йўлак ҳам ёпилиб, аэропортда парвозлар бутунлай тўхтатилган. Ҳар икки йўлак соат 21:05 да қайта очилган.
Ярим йилда 28 та ҳолат қайд этилган
DFS маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки олти ойида Берлин-Бранденбург аэропортида дрон аниқланиши билан боғлиқ 28 та ҳолат қайд этилган. Бу Германия аэропортлари орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, мамлакатнинг энг йирик аэропорти — Франкфурт-Майндагидан биттага кўп.
Ушбу ҳолатларнинг еттитасида Берлин-Бранденбург аэропортида ҳаво ҳаракатини вақтинча тўхтатишга тўғри келган. Таққослаш учун, 2025 йил давомида аэропорт ва унга туташ ҳудудларда жами саккизта дрон аниқланган.
Хабарлар асосан учувчилардан келиб тушади
Дронлар ҳақидаги хабарларнинг аксарияти парвозга кўтарилаётган ёки қўнишга тайёрланаётган самолёт учувчилари, шунингдек, диспетчерлик минораларидаги кузатувчилардан келиб тушади.
Жорий йилдан федерал полиция бошқарувидаги учувчисиз учиш аппаратларини аниқлашга мўлжалланган махсус тизимлар ҳам қўлланилмоқда.
Кёльн/Бонн, Гамбург ва Мюнхен аэропортларида ҳам дронлар ҳақида тез-тез огоҳлантиришлар қайд этилган.
DW маълумотига кўра, Германия қонунчилиги учиш ва қўниш ҳудудлари атрофидаги 1,5 километр радиусда дронлардан фойдаланишни тақиқлайди. Бундай қоидабузарлик ҳаво ҳаракатига хавфли аралашув сифатида баҳоланиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлиши мумкин.

















