Учинчи жиҳоз
Янги уй қурган ёки кўчиб ўтган оила аввало нималарни олади? Газ плита, музлаткич, кир ювиш машинаси, телевизор. Бу рўйхатда китоб жавони камдан кам учрайди.
Сабаби – кўпинча маблағда эмас, одатда. Китоб жавони ҳанузгача «кўп ўқийдиганлар»нинг буюми, зиёлилик белгиси сифатида қабул қилинади. Музлаткичсиз уйни тасаввур қилиш қийин, китобсиз уй эса ҳеч кимни ажаблантирмайди.
Ўзбекистондаги энг йирик интернет-дўконларидан бири — Asaxiy бошлаган «Ҳар бир хонадонда кутубхона» ташаббуси айнан шу қарашни ўзгартиришни мақсад қилган: уй кутубхонаси музлаткич ва телевизор қаторида ҳар бир оиланинг оддий жиҳозига айланиши керак.
Кўп ўқийдиганлар учун эмас
Ташаббус китобхонлар учун эмас, аксинча, уйида ҳали китоб жавони бўлмаган оилалар учун ўйлаб топилган. Бундай оилалар учун энг катта тўсиқ — «қайси китобдан бошлаш керак?» деган савол.
Шунинг учун китоблар олдиндан танлаб, битта тўпламга жамланган. Оила фақат буюртма беради — 50 та китоб эшигигача етказиб берилади.
Тўпламда нималар бор
«Кутубхона» тўплами оилалар эҳтиёжидан келиб чиқиб бир йўналишни қамраб олади. Масалан:
• Ўзбек адабиёти: Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб».
• Жаҳон адабиёти: Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Молхона», Пауло Коэльонинг «Алкимёгар», Рэй Брэдберининг «Фаренгейт бўйича 451°».
• Ҳаёт, пул ва шахсий ривожланиш ҳақида: Жеймс Клирнинг «Атом одатлар», Девид Бахнинг «Латте омили », Малколм Гладуеллнинг «Зукколар ва ландавурлар»
Тадқиқотлар нима дейди?
Уйдаги китоблар бола келажагига қанчалик таъсир қилиши социологлар томонидан ўнлаб йиллардан бери ўрганилади.
27 мамлакатда 20 йил давомида тўпланган маълумотларга таянган тадқиқот (M. Evans ва ҳамкасблари, Research in Social Stratification and Mobility, 2010) шуни кўрсатдики, кутубхонаси бор уйда ўсган бола китобсиз уйда ўсган тенгдошига нисбатан ўртача 3,2 йил кўпроқ таълим олади. Бу фарқ университет маълумотли ота-она ва саводи зўрға чиққан ота-она фарзандлари орасидаги фарқ билан тенг.














