«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, мазкур муассасада ҳозирда 66 нафар Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда.
Бош консул ватандошлар билан якка тартибда суҳбатлашиб, уларнинг мурожаат ва илтимосларини тинглаган. Ҳуқуқбузарликлар хусусиятига оид маълумотлар ўрганилиб, тегишли маслаҳатлар берилган.
Мурожаатлар асосида юрак ва умуртқа поғонаси касалликларидан азият чекаётган икки нафар фуқарога зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Шунингдек, муассаса раҳбарияти билан ўзбекистонликлар учун мусулмон қонун-қоидаларига мувофиқ овқатланишни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилган.
Бир ойдан сўнг колониядан озод этилиши кутилаётган ватандошга Ўзбекистонга қайтиш сертификатини бериш масаласи ҳам тезкор ҳал этилган.
Учрашувда дипломатик ваколатхона фуқаролар содир этган ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятидан қатъи назар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши таъкидланган. Ватандошларга бундан буён ҳам зарур консуллик-ҳуқуқий ва юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирилган.
Дипломатик ваколатхона вакилларининг жазони ўташ жойларига навбатдаги ташрифини октябрь ойида Иркутскда амалга ошириш режалаштирилган.

















