Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Наманганда 5 ёшли қизча зўрлангани билан боғлиқ воқеа юзасидан муносабат билдирди.

Айни вақтда хорижда хизмат сафарида бўлган ПА раҳбари жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилиши таъминланиши, «бундай ваҳшиёна жиноятлар» учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланаётганини маълум қилган.

Наманганда юз берган фожиа ҳақида менга хабар беришди. Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди.

Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган, шу боис жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз.

Тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилди. Жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади. Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади.

Учқўрғондаги зўрлаш воқеаси

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан 12 сентябр куни 52 ёшли хўжалик ишлари мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган.

Жабрланувчининг онаси ОАВга берган интервюсида гумонланувчининг яқинлари аризани қайтариб олиш учун пул таклиф қилганини маълум қилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳодиса юзасидан ишчи гуруҳ тузиб, алоқадор ходимлар билан шартнома бекор қилинганини билдирган.

Шунингдек, болалар омбудсмани ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганини айтган. Унда хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, ходимлар жавобгарлигини таъминлаш ва барча МТТларда болалар хавфсизлигини кучайтириш сўралган.

Бош прокуратура ушбу зўравонлик ҳолати юзасидан ЖКнинг 118 (Номусга тегиш) ва 112-моддалари (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Иш устидан назоратни бош прокурор ўз зиммасига олган.