Ўзбекистонда компакт шаҳар кроссоверлари оиласига мансуб янги модель — Kia Sonet Prime савдоси бошланмоқда. Автомобиль ўзига хос дизайн, кенгайтирилган жиҳозланиш ва замонавий электрон тизимларга эга бўлиб, амалий формат ва синалган куч қурилмасини сақлаб қолган. Шу билан бирга, бозорга таниш Kia Sonet ҳам модель қаторида қолади: икки кроссовер Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида таклиф этилади.
Ҳар икки версия ҳам ADM Jizzakh заводида тўлиқ циклли CKD технологияси асосида ишлаб чиқарилади. Бу Kia компаниясининг ишлаб чиқаришни юқори даражада маҳаллийлаштиришга эътибори ва Ўзбекистон бозоридаги узоқ муддатли режаларини намоён этади.

Kia’нинг замонавий услубидаги янги қиёфа
Sonet Prime кузовнинг олд ва орқа қисмлари тўлиқ қайта ишланган. Модель ташқи кўринишида Kia’нинг замонавий услуби қўлланган: мураккаб геометрияли радиатор панжараси Star Map LED оптикаси ва Ice Cube туманга қарши чироқлар билан уйғунлашган.
Орқа томонда вертикал фонарлар багажхона эшигининг бутун кенглиги бўйлаб жойлашган LED тасма билан бирлаштирилган. Композицияни янги бампер ва интеграциялашган спойлер тўлдиради.
Автомобиль 16 дюймли енгил қотишмали дисклар билан жиҳозланади. Sonet Prime учун кузовнинг етти хил ранги, шунингдек, қизил ёки оқ кузов ва контраст қора томга эга икки рангли вариантлар таклиф этилади.

Иккита катта экран ва интерфейснинг учта тили
Салондаги асосий ўзгаришлардан бири рақамли ҳайдовчи зонаси бўлди. Асбоблар панели ва мультимедиа тизими диагонали 10,25 дюйм бўлган дисплейлар билан жиҳозланган. Асбоблар панелида автомобиль ва ҳайдовчига ёрдам берувчи тизимларнинг ишлаши ҳақидаги асосий маълумотлар акс эттирилади, унинг дизайни эса танланган ҳаракатланиш режимига қараб ўзгаради.
Мультимедиа тизими Apple CarPlay ва Android Auto’ни қўллаб-қувватлайди. Интерфейс ўзбек, рус ва инглиз тилларида мавжуд.
Жиҳозланиш таркибига, шунингдек, еттита динамик ва сабвуферга эга Bose аудиотизими, симсиз қувватлаш тизими, USB-C ва USB-A улагичлари, иқлим назорати, Smart Key калитсиз кириш тизими, электр юритмали люк ҳамда ранг ва ишлаш режимини танлаш имкониятига эга салоннинг атмосфера ёритгичлари киради.


















