Президент администрацияси раҳбарининг билдиришича, мазкур ташаббус барча иштирокчи давлатлар томонидан маъқулланган ва конгресснинг якуний декларациясида ўз аксини топган.

БМТ Бош Ассамблеясидан сўнг ишини Абу-Дабида давом эттирган Саида Мирзиёева дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил қатнашayotgan анжуманда иштирок этди.

Конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари кўриб чиқилди.

Анжуман доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди. У Ўзбекистон мазкур тузилма билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Саида Мирзиёева навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш қарорини мамлакатга билдирилган юксак халқаро ишонч рамзи сифатида баҳолади.
«Олдинда беш йиллик тайёргарлик даври турибди. 2031 йилда мамлакатимиз бутун дунёдан келадиган делегатларга мезбонлик қилади», — деди у.


















