DW хабарига кўра, лауреатлар 30 сентябр куни эълон қилинган. GYLA билан бирга покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Жалила Ҳайдар, Жанубий Африкадаги Rural Womenʼs Assembly тармоғи ва америкалик сунъий интеллект тадқиқотчиси Тимнит Гебру ҳам мукофотга сазовор бўлган.
Right Livelihood мукофоти 1980 йилдан буён Стокҳолмда энг долзарб муаммоларга амалий ва намунавий ечимлар таклиф қилаётган шахслар ҳамда ташкилотларга бериб келинади.
GYLA қандай ташкилот?
Гуржистон ёш юристлар ассоциацияси 1994 йилда, мамлакат мустақилликка эришганидан кўп ўтмай ташкил этилган. У Гуржистондаги дастлабки ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлардан бири ҳисобланади. 2025 йил 22 декабрдан буён ассоциацияга Тамар Ониани раҳбарлик қилмоқда.
Ташкилотнинг асосий вазифалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда соғлом ҳуқуқий муҳит яратишдан иборат. GYLA фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатади, уларнинг манфаатларини миллий ва халқаро судларда ҳимоя қилади.
Ассоциация сайловлар ва парламент фаолиятини ҳам кузатади. Шунингдек, давлат ўз мажбуриятларини, жумладан, Гуржистон Конституциясининг 78-моддасида белгиланган Европа интеграциясига оид вазифаларини қандай бажараётганини назорат қилади.
DW маълумотига кўра, Human Rights Watch 2026 йилда GYLAʼни мамлакатда ҳуқуқий ҳимоя соҳасидаги етакчи ташкилотлардан бири деб атаган.
Дастлаб ассоциация ёш юристлар ва ҳуқуқшунослик факултетлари талабаларини бирлаштирган. Ҳозир эса унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва БМТ тузилмаларида мураккаб ишлар билан шуғулланадиган тажрибали мутахассислар ҳам фаолият юритади. Ташкилот танилиб улгурган дастлабки номини сақлаб қолган.
Баҳсли қонун ва Европа судига шикоятлар
GYLAʼнинг муҳим фаолият йўналишларидан бири — маҳаллий ҳокимият ҳаракатлари ёки миллий судлар қарорларидан норози бўлган жисмоний ва юридик шахсларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишда ёрдам бериш.
Ассоциация Гуржистон парламенти 2024 йил майида қабул қилган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунга қарши жамоавий шикоятнинг асосий мувофиқлаштирувчиси бўлган. Қарийб 140 аризачи номидан тайёрланган шикоят 2024 йил октябрида Европа судига киритилган. Ишда Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари ва Венеция комиссияси учинчи томон сифатида қатнашган.

















