Naked Science тайёрлаган рейтинг Нобел ташкилотининг очиқ маълумотлар базасига асосланган. Ҳисоб-китобда мамлакатларнинг ҳозирги чегаралари инобатга олинган, лауреатларнинг фуқаролиги ёки қайси давлатда ишлагани эса ҳисобга киритилмаган.
Энг кўп лауреат туғилган мамлакатлар қуйидагича:
АҚШ — 300 нафар;
Буюк Британия — 111 нафар;
Германия — 86 нафар;
Франция — 65 нафар;
Япония — 31 нафар;
Швеция — 30 нафар;
Россия — 29 нафар;
Полша — 28 нафар;
Канада — 23 нафар;
Нидерландия ва Италия — 20 нафардан.
Охирги поғонада икки мамлакатнинг натижаси тенг бўлгани учун рўйхатга жами 11 та давлат киритилган.
17 октябр ҳолатига кўра, очиқ базада 1000 нафар инсон ва 28 та ташкилот ҳақида маълумот бўлган. Рейтингга фақат инсонлар киритилган ва ҳар бир лауреат бир марта ҳисобланган. Масалан, Мария Кюри, Жон Бардин ёки Фредерик Сенгернинг икки марта мукофот олгани уларни рўйхатда икки киши сифатида ҳисоблашга асос бўлмаган.
Туғилган жойга асосланган ёндашув фуқаролик ёки университетлар бўйича тузилган рейтинглардан фарқ қилади. Масалан, 2026 йилда физика бўйича мукофот олган Фрэнсис Ҳалзен АҚШда ишласа-да, Белгияда туғилгани учун ушбу мамлакат ҳисобига қўшилган.
Собиқ империялар ва СССР ҳудудида туғилган лауреатлар ҳам туғилган жойи ҳозир қайси давлат таркибида эканига қараб тақсимланган. Буюк Британия натижасига базада мамлакат номи United Kingdom, Scotland ёки Northern Ireland деб кўрсатилган ёзувлар бирлаштирилган.
2026 йилги ўн нафар янги лауреатнинг уч нафари — Карл Дейссерот, Роберт Холл ва Майкл Вудфорд АҚШда туғилган. Петер Ҳегеман ва Георг Нагел Германияда туғилган бўлса, Белгия, Франция, Япония, Канада ва Жанубий Африка ҳисобига биттадан янги лауреат қўшилган.
















