А лигаси, 3-гуруҳ

Испанияда серия давом этди

Испания – Хорватия 4:1
Голлар: Ямал, 2 (1:0). Беле, 28 (1:1). Пубил, 31 (2:1). Ямал, 63 (3:1). Уилямс, 89 (4:1)
Испания: Симон, Ҳаусен, Кубарси, Кукуреля, Пубил, Субименди (Родри, 72), Руис (Мерино, 57), Фермин Лопес (Педри, 57), Баэна (Уилямс, 68), Ямал (Муниос, 68), Ойярсабал
Хорватия: Ливакович, Понграчич (Вушкович, 46), Шутало, Гвардиол, Смолчич, Ковачич (М. Пашалич, 60), Мишич, Сучич (Модрич, 81), Перишич (Иванович, 72), М. Пашалич, Беле (Будимир, 60)
Огоҳлантиришлар: Баэна, 49 – Понграчич, 18. Сучич, 37. Мишич, 58

Испания Хорватияни таслим этди – 4:1. Ламин Ямал мавсум стартида «Барса»да бўлгани каби миллий жамоада ҳам ёрқин ўйин кўрсатмоқда.

2-дақиқадаёқ у «Атлетико» футболчиси Алекс Баэнадан тўпни қабул қилиб олиб, ўз услубида олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ямал биринчи турда Англия дарвозасини ҳам 2-дақиқада ишғол этганди.

28-дақиқада хорватлар кутилмаганда мувозанатни тиклади – меҳмонларнинг ўйиндаги биринчи зарбасиёқ омадли чиқди. Кексаликни тан олмаётган Иван Перишич қаторасига иккинчи ўйинда голли ассист муаллифи бўлди – Дион Беле унинг узатмасини бош билан голга айлантирди.

Кўп ўтмай испанлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди: бу сафар Ямал ўз қанотидан ажойиб узатма берди, Марк Пубил бош билан тўпни дарвоза тўрига жойлаштирди. Танаффусдан кейин Ламин яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйди: бу сафар у яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Голни эса антиқа услубда нишонлаб, тўп устига ўтириб олди. У бундай ҳаракатни Чемпионлар лигасида ҳам амалга оширганди.

photo_2026-09-30_12-18-50
Фото: Europa Press via Getty Images

Ушбу 19 ёшли вингер «Барселона»да мавсум стартидаги саккиз ўйинда 8+6 қайд этган. Терма жамоанинг Миллатлар лигасидаги икки ўйинида эса 3+1 натижасини қайд этиб, «Олтин тўп» мукофоти учун ҳақли эканини яна бир бор намойиш этди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан тушган футболчилар якуний ҳисобни ўрнатишди: Микел Мерино пас берди, Нико Уилямс дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, олис бурчакни аниқ нишонга олди.