DW нашри маҳаллий расмийлар, фавқулодда вазиятлар хизмати ва ОАВга таяниб хабар беришича, Киевнинг Оболон туманида дрон омборхоналарга урилган. Голосеево туманида эса учувчисиз аппарат парчалари йўл яқинидаги очиқ ҳудудга тушиб, дарахтлар ёнишига сабаб бўлган.
Ахборот агентликлари маълумотига кўра, Соломенка туманида Россия дрони кўп қаватли тураржойга урилган. Энг катта зарар бинонинг биринчи қаватидаги кафега етган. Портлаш тўлқини ва парчалар атрофдаги бошқа муассасалар, хонадонлар деразалари ҳамда тўхтаб турган автомобилларни ҳам шикастлаган.
Одессада дрон бизнес-марказга урилгани хабар қилинган.
Киев вилоятининг беш туманида ҳам ҳужум оқибатлари қайд этилган. Бориспол туманида бир аёл жабрланган. Буча, Обухов, Фастов ва Белая Церков туманларида тураржойлар ҳамда автомобилларга зарар етган. Белая Церков туманида таълим муассасаси биноси ҳам шикастланган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Суми вилояти бошқармасига кўра, Россия қўшинлари Суми шаҳрига бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берган. Дастлабки маълумотларда олти киши жабрлангани айтилган. Хусусий ва кўп қаватли уйлар шикастланган, бинолардан бирининг томида ёнғин чиққан.
«Укрэнерго» миллий энергетика компанияси энергетика объектларига ҳужумлар туфайли тизимда мураккаб вазият юзага келганини билдирган. Шу сабабли 1 октябр куни Украинанинг айрим ҳудудларида электр истеъмоли чекланади.
Саноат ва бизнес учун қувватдан фойдаланиш чекловлари маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 21:00 гача амал қилади. Барча тоифадаги истеъмолчилар учун эса соатбай электр узиш жадваллари 08:00–11:00 ва 16:00–21:00 оралиқларида қўлланади.
Киев ва яна уч вилоятда шошилинч электр узиш чоралари 30 сентябрнинг ўзидаёқ жорий этилган.
















