Шахмат қувончи

Ҳафта Самарқанддан келган қувончли хабар билан бошланди: 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тўрт йил ичида иккинчи марта чемпион бўлди. 27 сентябрдаги сўнгги турда асосий рақибимиз Ҳиндистон Венгрия билан дуранг ўйнагач, олтин медаллар тақдири ҳал бўлди. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат жамоамиз Украинани ҳам 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнирни 20 очко билан якунлади. 11 та учрашувнинг 10 тасида ғалаба: амалдаги чемпион Ҳиндистон, Хитой ва жаҳон рейтинги етакчиси АҚШ ҳам ортда қолди.

29 сентябрда президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашди. “Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор”, – деди давлат раҳбари.

Мукофотлар ҳам салмоқли бўлди. Олимпиада чемпионларининг ҳар бири 200 минг доллар, уларнинг мураббийлари 50 минг доллардан пул мукофоти олади. 3-Парашахмат олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган парашахматчиларимизга 50 минг доллардан, мураббийларига 12,5 минг доллардан берилади. Бундан ташқари, беш нафар чемпион ва беш нафар парашахматчига уй-жой ва автомобил, мураббийлар Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермуҳаммадовга эса автомобил ажратилди.

“Албатта, машина ҳам керак-ку, лекин келажакда келинлар учун уй ҳам керак”, – дея ҳазиллашди президент.

Шахматчилар давлат мукофотлари билан ҳам тақдирланди: Муҳиддин Мадаминов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонига, Абдусатторов, Ёқуббоев ва Воҳидов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвонига, Синдаров эса “Фидокорона хизматлари учун” орденига сазовор бўлди. Сўнгги уч олимпиададаги натижалар – Ченнайда олтин, Будапештда бронза ва Самарқандда яна олтин – бу ютуқ тасодифий эмаслигини кўрсатади.

Педофилларга умрбод қамоқ

Ҳафтанинг энг оғир мавзуси эса жамиятни ларзага солган жиноят бўлди. Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида шу боғчанинг 52 ёшли хўжалик ишлари мудири 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этган. Иш устидан назоратни бош прокурор ўз зиммасига олган.

27 сентябрда хорижда хизмат сафарида бўлган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева воқеага муносабат билдирди. “Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун аслида ўлим жазосини қўллаш керак. Лекин минг афсуски, амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган”, – деб ёзди у.