Ўзбекистонлик шифокор Тошкентдан Сеулга учаётган самолётда аҳволи кескин ёмонлашган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди.

Ҳодиса 11 октябр куни Тошкент – Сеул йўналишидаги HY511 рейсида рўй берган. Самолётда бўлган шифокор Ҳасан Комилов экипаж аъзолари билан биргаликда аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган.

Воқеага гувоҳ бўлган йўловчи Threads ижтимоий тармоғида ёзишича, самолётдаги бошқа ўзбекистонликлар ҳам ушбу корейс аёлга ёрдамга шошилган. Улар аёлга сув, конфет, шоколад, ёстиқ ва кўрпаларини берган. Борткузатувчилар ҳам ёрдам кўрсатишда фаол қатнашган.

«Ростини айтсам, уларнинг барчасига қойил қолдим. Ўзбекистонга биринчи марта келдим ва ўзбекистонликларнинг меҳр-оқибатидан жуда таъсирландим. Инсон ҳаётини сақлаб қолишдан ҳам шарафли касб бўлмаса керак», – деб ёзган йўловчи.

ССВ маълумотига кўра, Ҳасан Комилов Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, оториноларинголог, Тошкент давлат тиббиёт университети тадқиқотчиси ҳисобланади. У айни пайтда Жанубий Кореянинг Чунгбук университетида малака оширмоқда.

Шифокорнинг сўзларига кўра, парвоз вақтида экипаж аъзолари йўловчилар орасидан тиббий ёрдам кўрсата оладиган мутахассис бор-йўқлигини сўраган. Комилов ҳушсиз ётган аёлни кўриб, дарҳол унинг ёнига борган.

Текширувда ушбу аёлнинг қон босими ва пулси аниқланмаган. У шок ҳолатида бўлган, танаси кўкариб, совиб кетган. Шифокор ўзи билан олиб юрадиган дори-дармонлардан, шунингдек, экипаж тақдим этган кислород ниқоби ва тиббий воситалардан фойдаланиб, аёлга шошилинч ёрдам кўрсатган.

«Биргалашиб беморга тез ёрдам муолажаларини ўтказдик. 10 минг метр баландликда 10−15 дақиқада бемор ўзига кела бошлади», – деган Ҳасан Комилов ССВга берган интервюсида.

Тез ёрдам кўрсатилганидан кейин у экипажга самолётни қўндирмасдан, парвозни давом эттириш мумкинлигини билдирган. У кейинги бир соат давомида аёлга ёрдам кўрсатишда давом этган.

«Бу ҳолат шифокор учун қаҳрамонлик эмас, бу бизнинг ҳар куни қилаётган машаққатли меҳнатимиз», – дейди Комилов.