Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ахборотига кўра, машғулотлар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Асосий эътибор уч мамлакат махсус бўлинмалари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма операцияларни режалаштириш ва ўтказишда ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни такомиллаштиришга қаратилди.
Машғулотлар режасига мувофиқ, иштирокчилар тоғли ҳудудлар ва аҳоли пунктларида жанг олиб бориш бўйича вазифаларни бажарди. Шунингдек, шартли душман ортига кириб бориш, разведка-қидирув ишларини амалга ошириш ва муҳим объектларни эгаллаш ҳаракатлари машқ қилинди.
Терроризмга қарши операциялар доирасида гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда стратегик объектларни қўриқлаш бўйича ўқув вазифалари ҳам бажарилди. Ҳарбий хизматчилар кундузги ва тунги шароитда турли калибрдаги ўқотар қуроллар, снайперлик милтиқлари ҳамда махсус воситалардан ўқ отиш машқларини ўтказди.
Озарбойжон Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбий хизматчилари машғулотларда юқори даражадаги жанговар тайёргарлик ва профессионал маҳоратни намойиш этганини қайд этди.
Машғулотларнинг якуний босқичини тадбир раҳбарияти билан бирга кузатган Озарбойжон Махсус операциялар кучлари қўмондони генерал-майор Алакбар Жаҳонгиров озарбайжонлик махсус кучлар ҳарбий хизматчиларининг кўникмалари ва тайёргарлик даражасини юқори баҳолади.
Якунда белгиланган вазифаларни бажаришда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Иштирокчилар биргаликда эсдалик суратига тушди.














