Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машғулотларга уч мамлакат мудофаа вазирликлари ҳарбий хизматчилари, жанговар техника, ҳарбий-денгиз кучлари ва авиация, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари жалб этилган.

Машғулотларнинг асосий мақсади қўшма операцияларга тайёргарлик даражасини ошириш, қўшинлар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш ва ўқув-машғулот тартибларини бирхиллаштиришдан иборат. Шунингдек, бўлинмаларнинг жанговар қобилиятини ривожлантириш кўзда тутилган.

Масъул раҳбарлар бундай қўшма машғулотлар турли йўналишларда илғор тажриба алмашиш, замонавий ёндашув ва усулларни ўзаро ўрганиш ҳамда ҳарбий бўлинмалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, ҳамкорликдаги тайёргарлик иштирокчилар олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажариш ва бўлинмалар ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Уч босқичли машғулотлар Озарбойжон армиясининг учта полигонида ўтказилади. Булар — Қорабоғ иқтисодий районидаги «Қизилқоя», Нахичеван Мухтор Республикасидаги «Қорабоғлар» ҳамда Каспий денгизининг Озарбойжон секторидаги «Буюк Зира» полигонларидир.