Бу чоралар президентнинг 2026 йил 12 октябрдаги «Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–368-сон қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2026–2030 йилларда транспорт-логистика марказларининг йиллик қувватини камида 40 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган. Транспорт ва логистика хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмини эса 18,5 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Барча талабларга жавоб берадиган халқаро қуруқлик портлари сони 24 тадан 30 тага кўпайтирилади. Давлат чегарасидан ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ҳамда логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробар оширилади.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Марказларда терминалларни бошқариш — TOS ва омборни бошқариш — WMS тизимлари жорий этилади. Улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг E-logistika платформасига уланади.
2040 йилгача ер ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод бўлиш учун логистика маркази ЭСКАТОнинг қуруқлик портлари тўғрисидаги битимига киритилган, белгиланган бошқарув тизимларини жорий этган ҳамда E-logistika платформасида BB ёки ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт.
Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар 2029 йил 1 августгача божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.
Бундан ташқари, M₂, M₃ ва N тоифадаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2027 йил 31 декабргача республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўламасдан импорт қилиши мумкин бўлади.















