Буюк Британияни тарк этаётган ултра бойлар мамлакат учун «160 миллиард долларлик муаммо»га айланди. Миллиардерлар индексини таҳлил қилган Bloomberg шундай хулосага келди.
2024 йилда Лейбористлар партияси ҳокимиятга келиши фонида бадавлат қатламга қаратилган солиқ сиёсати ўзгаришлари Лондоннинг глобал молиявий марказ сифатидаги мақомига тобора жиддий зарар етказмоқда. Ўта бой қатламга фойда келтирган имтиёзларнинг бекор қилиниши ва янги чекловлар жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги тинимсиз муҳокамалар ҳукумат билан элита ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирди. Шу билан бирга, мамлакат бизнес юритиш учун аввалгидек қулай эмас, деган тасаввур шаклланди.
«Ҳозир содир бўлаётган воқеалар — ҳақиқий фалокат. Миллионерлар, миллиардерлар ва инвестиция жалб қиладиган ижобий муҳит яратиш ўрнига, бунинг тескарисини қиляпмиз», дейди Британиянинг Phones 4u телефон савдо тармоғи асосчиси, миллиардер Жон Кодуэлл.
Буюк Британия тарихан бойлик тўплаш ва кўпайтириш борасида ўз имкониятларидан самарали фойдаланиб келган. UBS Group AG маълумотларига кўра, мамлакат доллар миллионерларининг сони бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Хусусан, бу ерда 2,4 миллиондан ортиқ миллионер яшайди.
Бойлар чиқиб кетишининг иқтисодиёт учун реал оқибатлари бор. Ҳукумат маълумотларига кўра, Буюк Британияда энг кўп даромад топадиган аҳолининг 1 фоизи жами даромад солиғи тушумларининг қарийб 27 фоизини тўлайди. Улар мамлакатни тарк этиши билан бирга катта миқдордаги харид қобилиятини ҳам олиб чиқиб кетади.
Кўчиб кетганлар рўйхатидаги шахсларнинг аксарияти ўзларига тегишли бойликнинг асосий эгаси ҳисобланади. Баъзилари эса Billionaires Index томонидан кузатиладиган бой оила вакили сифатида кўрсатилган. Бу гуруҳдаги ўта бой инсонларнинг ярми Монако, Швейцария ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан қўниб топишган.
Лейбористларнинг солиқ ислоҳотидаги асосий ўзгаришлардан бири нон-дом режимининг бекор қилиниши бўлди. Бу тартиб айрим шартлар асосида хориждан олинган даромадлар учун 15 йилгача Британияда солиқ тўламаслик имконини берарди. Ҳукумат, шунингдек, мерос солиғи ҳамда хусусий бозорлардаги инвестицияларни бошқарувчи мутахассислар даромадларига солинадиган солиқларни ҳам оширди.
Қиролликдан чиқиб кетаётганларнинг аксарияти хорижликлар бўлиб, уларнинг кўпчилиги мамлакатга сўнгги йилларда келган ва бу ерга чуқур боғланиб улгурмаган. Бироқ Грецияга кўчиб кетган хеж-фонд бошқарувчиси Крис Рокос Буюк Британияда туғилган ва мамлакатнинг энг йирик солиқ тўловчиларидан бири бўлган. Бу эса «Бутун умри Буюк Британия билан боғлиқ бўлган, шу мамлакатда туғилиб ўсган маҳаллий бой қатлам ҳам мамлакатни тарк эта бошлаяптими?» деган саволни кун тартибига олиб чиқяпти.











