Ўзбекисонда энди қайси ҳудудда қандай қувват зарурлиги олдиндан режалаштирилиб, тайёр лойиҳалар очиқ танловга чиқарилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар билан очиқ мулоқотда малум қилди.
Давлат раҳбари ўтган йилларда энергетика лойиҳаларини тайёрлаш ва инвесторлар билан ишлаш бўйича катта тажриба тўпланганини қайд этди. Энди ҳамкорликнинг янги босқичига ўтилади: ҳар бир инвестиция янги қувват яратиш билан бирга таъминот ишончлилигини ошириши ва йўқотишларни камайтириши керак.
2030 йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратиш мақсад қилинган. Натижада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 129 миллиард киловатт соатдан ошади, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етади.
Яқинда имзоланган фармон билан ёқилғи-энергетика соҳасида давлат ва бизнеснинг вазифалари аниқ ажратилгани қайд этилди. Янги босқичда лойиҳалар очиқ рақобат, шаффоф қоидалар ва келишилган шартларнинг изчил бажарилиши асосида амалга оширилади.
Илк босқичда «яшил» қувватларни тез яратиш учун лойиҳалар кўпинча инвесторлар таклиф қилган ҳудудларда жойлаштирилди. Бу кўплаб сармоя жалб этиш имконини берди. Бироқ айрим жойларда қувватлар тўпланиб, электрни бошқа ҳудудларга етказиш харажатлари ошди.
«Бизга алоҳида-алоҳида электр станциялари эмас, узвий боғланган энергетика тизими керак», – деди президент.
Энди қайси ҳудудда қандай қувват зарурлиги олдиндан режалаштирилиб, тайёр лойиҳалар очиқ танловга чиқарилади.

Танловга қўйиладиган ҳар бир лойиҳа бўйича ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва муддати, электрни харид қилиш ҳамда тўлов шартлари аввалдан эълон қилинади. Барча инвесторлар учун талаблар тенг бўлади, тўлов интизоми ва хатарларни камайтириш механизмлари мустаҳкамланади.
Яқинда умумий қуввати 2 минг 200 мегаватт бўлган 6 та қуёш ва шамол станциясининг лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади. Давлат раҳбари инвесторларни уларда иштирок этишга таклиф қилди.
Биринчи марта энергетика соҳасининг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, очиқ эълон қилинади. Келгуси йил 1 мартгача тармоқларга уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар тўлиқ бош режа тақдим этилади.
Бу ҳужжатларда қайси ҳудудда электрга талаб ўсиши, қандай инфратузилма зарурлиги ва янги қувватлар қаерда самарали ишлаши кўрсатилади. Шу асосда инвесторлар ҳам ўз режаларини узоқ муддатга тузиши мумкин бўлади.


















