Австриядаги Грац университетининг ахборот хавфсизлиги институти ҳамда Хавфсиз ахборот технологиялари маркази мутахассислари еттита бренд иловаларини текширган. Натижалар ESORICS 2026 халқаро компютер хавфсизлиги симпозиумида тақдим этилган.

Бундай иловалар эски смартфондаги маълумотларни янги қурилмага симсиз кўчиришга ёрдам беради. Бунинг учун телефонлар ўртасида тўғридан-тўғри Wi-Fi алоқаси ўрнатилади.

Тажрибаларда айнан шу узатиш жараёнидаги заифликлардан фойдаланиб, маълумотларни тутиб олиш ёки узатишга аралашиш мумкинлиги кўрсатилган. Манбага кўра, бунинг учун симсиз тармоқ таъсир доирасида — тахминан 20–45 метр масофада бўлиш ва қиймати 100 евродан кам ускунадан фойдаланиш етарли бўлган.

Мутахассислар синовларда SMS-хабарлар, контактлар, суратлар, саломатликка оид маълумотлар, иловаларда сақланган пароллар ва Wi-Fi тармоқлари калитларига киришга муваффақ бўлган. Айрим ҳолатларда кўчирилаётган илова ўрнатиш файлларини алмаштириш ва янги смартфонга зарарли дастур киритиш имконияти ҳам аниқланган.

Хавф телефондан одатий фойдаланишнинг барча ҳолатларига эмас, заиф иловалар орқали маълумот кўчириш жараёнига тааллуқли. Манбада харидорларга янги телефонни созлаш ва маълумотларни ўтказиш хизмати кўрсатиладиган электроника дўконлари ҳамда алоқа салонларида бу масала айниқса аҳамиятли экани қайд этилган.

Тадқиқотчилар натижаларни эълон қилишдан аввал компанияларни хабардор қилиб, ҳимоя янгиланмаларини тайёрлаш учун вақт берган. Шундан сўнг аниқланган заифликлар тузатилган.

Мутахассислар маълумот кўчиришдан олдин ҳар икки смартфондаги операцион тизим ва маълумот ўтказиш иловасини янгилашни тавсия қилган. Бу аниқланган заифликлардан фойдаланиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.