Ҳаводаги тактик бошқарув намойиши ҳақида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Fury аппаратини ишлаб чиқараётган Anduril компанияси маълум қилди.
YFQ-44A Fury учувчили авиация билан биргаликда ҳаракатланадиган жанговар дронларни яратишга қаратилган Collaborative Combat Aircraft — CCA дастури доирасида ишлаб чиқилмоқда.
Anduril маълумотига кўра, F-22 ва Fury Калифорниядаги Эдвардс авиабазасидан учиб, ҳавода учрашган. Парвоз давомида қирувчи учувчиси тактик маълумот узатиш канали орқали дронга янгиланган миссия режасини юборган ва манёврлар бажариш бўйича буйруқлар берган.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари изоҳига кўра, учувчи синовда ҳаводаги қўмондон вазифасини бажарган. У Fury’нинг ҳар бир ҳаракатини қўлда бошқармаган: умумий тактик кўрсатмаларни дроннинг борт дастури мустақил талқин қилиб, бажарган. Намойиш давомида манёврлар ва жанговар вазифаларнинг имитацияси ўтказилган.
Синовга бир нечта ҳарбий синов бўлинмалари, дастурий таъминот муҳандислари, F-22 дастури офиси ҳамда CCA аппаратларининг автоном бошқаруви ва ўзаро ҳамкорлиги учун масъул мутахассислар жалб қилинган.
Тажриба операциялари бўлинмаси Невада штатидаги Неллис авиабазасида жойлашган. У CCA дронларини келгусида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида қўллашга тайёргарлик ишларини мувофиқлаштиради.
Ҳарбийлар ҳам, Anduril ҳам синовда қатнашган F-22’га қандай қўшимча ускуналар ўрнатилганини очиқламаган. Аввалги бюджет ҳужжатларида дронларни бошқариш учун қирувчига планшетлар, кабеллар ва тегишли компонентларни интеграция қилиш зарурати тилга олинган эди.
Келажакда битта F-22 бир вақтнинг ўзида бир нечта CCA аппаратининг ҳаракатларини мувофиқлаштириши кўзда тутилмоқда. Ҳозирги намойишда эса битта Fury иштирок этган.
Бундай бошқарув учун планшетга ўхшаш сенсорли қурилмалардан фойдаланиш вариантлари кўриб чиқилмоқда. Бироқ қўшимча экран ва вазифалар, айниқса, бир ўринли қирувчида учувчининг иш юкламасини ошириши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ҳам билдирилган.
















