Очилиш маросими «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халқаро саммити доирасида ўтказилди. Унда Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи марказда ҳар бир бола учун унинг индивидуал эҳтиёжларига мос дастур тузилади. Ота-оналарга эса боласи ўзлаштирган кўникмаларни уйда мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар тавсиялари берилади.

Мактабгача таълим бўлимида 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 10 та ихтисослаштирилган гуруҳ ташкил этилган. Амбулатор реабилитация хизматлари эса 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга кўрсатилади.

Марказда даволовчи жисмоний тарбия, нутқ ва майда моторикани ривожлантириш, сенсор интеграция машғулотлари, физиотерапия ҳамда бошқа муолажалар ўтказилади.

Бу ерда етти йўналишдаги шифокорлар, дефектолог педагоглар, логопедлар, психологлар ва реабилитация мутахассислари фаолият юритади.

Самарқанддаги муассаса Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшонда ҳам марказлари мавжуд бўлган IMKON тармоғининг янги бўғинига айланди.

2025 йилда тармоқ муассасаларида жами 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилган. Шу даврда 3777 нафар бола амбулатор реабилитациядан ўтган.




















