Самарқандда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ташаббуси билан ташкил этилган «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» бутунжаҳон саммити бошланди. Анжуманда турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари, БМТ, UNICEF, Жаҳон банки, ЖССТ ва бошқа халқаро тузилмаларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этмоқда.

Саммитда оғир хасталикка чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ тузилиши эълон қилинди. Бу ҳақда «St. Jude» (АҚШ) болалар илмий-тадқиқот шифохонаси вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо маълумот берди.

Қайд қилинишича, Глобал тармоқ оғир ва ҳаёт учун хавфли, жумладан, онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш йўлида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун биринчи хонимлар ҳамда давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради.

Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева икки йил муддатга Глобал тармоқ раиси бўлди. Унинг раисликка киришиш маросими Болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс доирасида ўтказилди.

Таъкидланишича, бу қарор Ўзбекистонда болалар онкологияси хизматини ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар, шунингдек, Зироат Мирзиёеванинг саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда ҳаётий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ўсиши ва ривожланиши учун шароит яратишдаги фаол ва етакчи ўрнининг эътирофидир.